Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодий учрашувдан ўқувчилар улкан адабий сабоқ олди
12:28 / 2021-04-27

Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида атоқли шоира Фарида Афрўз ҳамда адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошевларнинг ўқувчилар билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Дастлаб атоқли шоира Фарида Афрўз ижод мактабининг 6-синф ўқувчиларига “Шеърият ва қалб тарбияси”, 8-синф ўқувчиларига эса “Шеър оламаро азиздир“ мавзуларида “Маҳорат дарслари”ни ўтиб берди.  

Шоиранинг ижод, шеърият ва ҳаёт ҳақидаги гўзал, чуқур фалсафий мушоҳадага чорловчи фикрлари ижод мактаби ўқувчилари учун қимматли адабий сабоқ бўлди.

Сўнг адабий кечанинг байрам дастури бўлиб ўтди.  

Маданий-маърифий тадбирда адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев сўзга чиқиб, ҳаётнинг ўзаги адабиёт ва адабдан иборат экани, инсон кўнглини тозалаш учун, ҳаётнинг турли майда-чуйдаларидан баландлаш учун ҳам адабиёт зарурият экани, ижодкорлар қалб муҳандислари бўлиб, ўз асарлари билан ўқувчилар қалбини бетакрор гўзаллик билан бойитиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.  

Шунингдек, профессор Сирдарё заминида улғайган атоқли ижодкорлар Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймон, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи каби ижодкорларнинг асарлари, айниқса, ижод мактаби ўқувчилари таълим-тарбиясида, адабиётни чуқур англаб етишларида муҳим аҳамият касб этиши хусусида алоҳида тўхталди.  

Адабиёт, санъат ва шеърият байрамига айланган ушбу кечада “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова сиёсат, адабиёт, санъат ва ҳаёт ҳақида мулоҳазаларини билдирди.  

Ижро этилган дилрабо қўшиқлар ижод, куй ва қўшиққа ошуфта қалбларга маънавий мадад, илҳомбахшлик, ижодий парвоз, шижоат ва завқ-шавқ бағишлади.  

Тадбир ёш ижодкорларни сўз санъати, бадиий ижод ва назмий олами ҳақидаги билимларини бойитиб, ўқувчиларни ўқишга, изланишга, ўлмас асарлар яратишга ундади.

Мазкур ижодий учрашувдан иштирокчилар улкан адабий сабоқ олди.  

А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА