Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодий имтиҳонлар холис ва шаффоф ўтмоқда
17:58 / 2022-08-02

Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби Андижон давлат университетининг Педагогика институтида ҳам алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича касбий ва ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

Андижон давлат университети Педагогика институтига алоҳида иқтидор талаб этиладиган жисмоний маданият, хотин-қизлар спорти, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишларининг кундузги ва сиртқи таълим шакли бўйича 2 минг 232 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтган. 

Касбий ва ижодий имтиҳонлар махсус график асосида жорий йилнинг 31 июлидан 11 августга қадар, икки сменада, яъни эрталаб 9.00 дан 12.00 гача ҳамда 14.00 дан 17.00 гача ўтказилиши белгиланган. 

[gallery-8119]

– Янги ташкил этилган институтимизда ижодий имтиҳонлар жорий йилда илк бор ўтказилмоқда, – дейди институт директори Бахтиёр Расулов –  Ижодий имтиҳонларнинг шаффоф, очиқ ва адолатли ўтишини таъминлаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг масъул ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалар вакиллари назоратчи сифатида жалб этилган. 

Имтиҳонлар ўтказиладиган ҳудудларда 24 соат узлуксиз ишлайдиган камера кузатуви йўлга қўйилган. Бундан ташқари, имтиҳон жараёнларини online.anddupi.uz сайти орқали бевосита кузатиш мумкин. Имтиҳон ўтказиладиган ҳудудлар яқинида ота-оналар учун кутиш майдони ташкил этилган, майдонга ўрнатилган мониторлар орқали ҳам жараённи кузатиб бориш имкони яратилган.  

Касбий ва ижодий имтиҳонлар малакали мутахассислар томонидан белгиланган тартиблар доирасида ўтказилмоқда. 

– Ўтган йили омадим келмасдан, ижодий имтиҳондан паст баҳо олган эдим,  – дейди Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши бўйича имтиҳон топширган абитуриент Машҳура Назирова. – Ижодий имтиҳонда мутахассислар, устозлар билимимни холис баҳолади. Умид қиламанки бу йил албатта, талабалар қаторидан жой оламан. 

Тиббиёт ходимлари абитуриентларнинг соғлигини назорат қилмоқда. Имтиҳонлар жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари жалб этилган. 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА