Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодий имтиҳонлар шаффоф, адолатли ўтмоқда
20:08 / 2024-07-07

Бухоро давлат педагогика институтида 2024-2025 ўқув йили учун бакалавр таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

Имтиҳонлар Жисмоний маданият, Мусиқа таълими, Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, Чақириққача ҳарбий таълим йўналишида  ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар бўлиб ўтадиган биноларда барча қулайликлар яратилган, керакли техник воситалар билан жиҳозланган, спорт майдончаси шай ҳолатга келтирилган.

– 2024-2025 ўқув йилида алоҳида иқтидор талаб этадиган 4 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланади, – дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров. – 1 минг 379 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб ижодий имтиҳонлар бошланди. Касбий имтиҳонларни ўтказиш учун институтимизда тайёргарлик ишлари бажарилди. Барча имтиҳон ўтказиладиган аудиториялар, спорт майдони, тўлиқ камералаштирилди. Вазирлигимиз махсус платформасига онлайн кузатиш учун имкониятлар яратилди. Ижодий имтиҳонларда абитуриентларнинг яқинлари, ота-оналар учун барча шароитлар яратилган. Имтиҳонларни шаффоф, адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида кузатувлар олиб борилмоқда. Республикамизнинг турли олий таълим муассасаларидан комиссия аъзолари таркиби шакллантирилган бўлиб, таркиб тўлиқ иштирок этмоқда. Имтиҳонлар давомида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш учун штаб ташкил этилган. Абитуриентларга тезкор жавоб бериш учун Call марказ ҳам мавжуд. Марказимиз ҳафтанинг 6 кунида ижодий имтиҳонларда фаолият кўрсатади ва имтиҳон бўлиб ўтадиган кунлардан олдин абитуриентлар телефон қўнғироқлари ҳамда СМС хабарлар, университет расмий веб сайти орқали хабар қилинмоқда. Ота-оналаримиз ижодий имтиҳонларни уйдан туриб интернет орқали кузатиши ҳам мумкин.  

[gallery-18168]

Имтиҳонлар жараёнида абитуриентларнинг саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида доимий равишда тиббиёт ходимлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари фаол хизматда.  

– Касбий имтиҳонлар тўлиқ камeралаштирилган майдон ва аудиторияларда олиняпти, – дейди Бухоро давлат педагогика институти проректори Ҳафиза Ортиқова. – Жараёнлар оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилмоқда. Шунингдек, депутатлар, журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларидан тузилган жамоатчилик вакиллари бевосита кузатиб бормоқда.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.