Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026 ўқув йили учун қабул жараёнида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлардан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.
[gallery-24225]
Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли таълим муассасаларидан, хусусан, Ўзбекистон миллий педагогика университети, Жиззах ва Чирчиқ давлат педагогика университетлари, шунингдек, Урганч, Бухоро, Термиз давлат педагогика институтларидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар бириктирилган. Улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги холисона баҳоланиб, тўплаган баллари дарҳол маълум қилинмоқда.
– Бугун набирам институтнинг жисмоний маданият таълим йўналишига амалий имтиҳон топширяпти. Ўзим шу ўқув юртини битириб, ўқитувчи бўлиб ишладим. Мана бугун институтга келиб, бу ердаги ўзгаришларни, яратилган шароитларни кўриб кўнглим тўлди. Имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганини очиқ-ойдин, бевосита кузатиб турибмиз, – дейди Чимбой туманидан келган Минайим Балтабаева.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилда Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний тарбия, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича 500 нафардан ортиқ абитуриент касбий (ижодий) имтиҳон топширади. Мазкур олий ўқув юртида касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 11 июль кунига қадар давом этади.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА