English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директорлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда
14:24 / 2022-08-18

Пойтахтимизда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директорлари учун «Замонавий таълим тизимида бошқарув санъати» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра 193 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб- интернатлар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ташкил этилади. Шундан 168 та ўқув даргоҳи 2022/2023-ўқув йилида ўз фаолиятини бошламоқда. Булардан 23 таси мактаб-интернатлар бўлиб, уларда ётоқхона ҳам мавжуд. Қолган 145 та ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилар уйидан қатнаб ўқишлари учун мўлжалланган.

Семинар иштирокчиларидан бири – Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ихтисослаштирилган мактаби директори Абдували Эргашев Буюк Британиянинг Вестминстер университетини тамомлаб, хориж ёки пойтахтда эмас, айнан Каттақўрғон туманида таълим соҳасида иш олиб бормоқда.

Ўзининг айтишича, у туман ҳокимининг ўринбосари, кейинчалик эса хусусий мактаб директори сифатида ишлаган. Абдували Эргашевдан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб директорлари учун ўтган танлов қандай ташкил этилгани хусусида сўрадик:

– Танлов шаффоф ва очиқ ўтди, – деди А.Эргашев. – Сир эмаски, туманимиз таълим соҳасида бироз орқароқда эди. Уни ривожлантиришда замонавий ўқитиш тизими ва илғор педагогик технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Биз Президент мактабларининг илғор ўқув тажрибасини чуқур ўрганиш ва ўзлаштириш, уни ихтисослаштирилган мактабларга жорий этиш орқали таълим самарадорлигини оширишга эришишни мақсад қилганмиз. Негаки, Президент мактаблари бошқа мактаблар учун иборатдир.

«Замонавий таълим тизимида бошқарув санъати» семинарида иштирокчиларга «Янги лойиҳага кириш», «Мактаб-интернатлар фаолиятини ташкил этиш», «Бошқарув илми», «Баҳолаш тизими», «Меъёрий ҳужжатлар», «Электрон журналнинг юритилиши» , «Ижро интизоми ва молиявий ҳужжатлар» каби мавзуларда батафсил тушунчалар берилади. Бу каби семинарларни жойларда ҳам ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА