Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижод ва истеъдод эзгуликка хизмат қилсин!
18:21 / 2022-07-20

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси асосида ўтказилаётган "Хиёбон оқшомлари" ижодий лойиҳасининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтди.

Унда шеърият мухлислари, ёзувчи ва  шоирлар, адабиётшунос олимлар, талабалар жам бўлди. 

Миллий адабиётимиз ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор ижод аҳлини янада кўпроқ руҳлантириши билан бирга китобхонлик маданиятини янада оширишга хизмат қилаётир. 

Шеърият кечасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид истеъдод, ижод фақат эзгуликка хизмат қилмоғи кераклигини, ёшлар учун мўлжалланган ижодий семинарлар, турли маърифий лойиҳалар янада кенгроқ кўлам ва мазмунда давом этажагини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор натижасида пойтахтимизда бунёд этилган Адиблар хиёбони бугун миллий адабиётимизнинг энг  файзли ва сўлим масканига  айланганини бугун адабиёт мухлислари, юртимизга хориждан келаётган меҳмонлар алоҳида эътироф этмоқдалар. 

– Ўз даврида устоз Ойбек "Навоий" романини ёзгани учун, яна бошқа адибимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида, Мақсуд  Шайхзода султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида достон битгани учун қанча-қанча таъқибларга учраган, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Бугунги янгиланиш жараёнлари адабиёт аҳлига эмин-эркин, баракали ижод қилиш учун кенг имкониятларни яратди. 

Адабиёт кечасида олим Баҳодир Каримов, шоир Абдураззоқ Обрўй, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба  Маъмура Зоҳидова, Гулжамол Асқарова миллий адабиётимиздаги янгиланиш жараёнлари хусусида батафсил сўз юритдилар. 

Устоз шоирлар, ёш ижодкорлар ўзларининг янги шеърларидан намуналарини ўқиб бердилар. 

Н.Усмонова, 
ЎзА мухбири