Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ижод мактаблари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларида:
беш кунлик таълим жараёни йўлга қўйилади;
шанба куни барча фан ўқитувчилари учун “Касбий ривожланиш куни” этиб белгиланади;
халқаро аккредитациядан ўтказиладиган ҳамда халқаро дастурлар асосида таълим бериладиган таълим муассасаларида икки семестрли ўқиш тизими жорий этилади.
2026 йилдан бошлаб ижод мактабларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш орқали уларнинг рейтинги эълон қилиб борилади.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларининг ҳуқуқий мақоми, мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш тартибини белгилайди.
Ижод мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, ўз уставига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
ЎзА