Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида ўзбек адабиётининг ёрқин вакиласи, истеъдодли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ёзувчи ва шоирлар, мактаб ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди раҳбари Муҳамматрасул Маматқулов шоиранинг бой адабий мероси ва ҳаёт йўли ҳақида гапирди.
– Саида Зуннунова шеърлари самимий ва соддалиги, равон ўқилиши билан ҳар қандай ўқувчини ўзига жалб этади. Унинг шеърларида аёл қалби, она меҳри ва ватанга муҳаббат, оилага садоқат ўзгача жозиба билан тараннум этилган. Шу боис ҳам, Саида Зуннунова шеърияти ўзбек адабиётида алоҳида ўрин тутади, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи.
[gallery-27706]
Тадбирда ижодкорлар, мактаб ўқувчилари шоиранинг шеърларидан намуналар ўқиди. Шунингдек, Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида Саида Зуннунованинг бой адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ижодкор ёшларни адабиётга қизиқишини ошириш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида ўтказилган ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ташкил этилди.
Мазкур танловга ижодкор ёшлар юзга яқин мақола, шеър ва ҳикояларини тақдим этди. Ғолиб ва совриндор деб топилган ижодий ишлар муаллифлари Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди медали, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жозибали шеърлари, гўзал ҳаётий ҳикоялари билан халқимиз, адабиёт мухлислари қалбидан мустаҳкам жой олган шоира хотирасига бағишланган тадбир иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.