ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” бош ғояси асосида ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов иштирок этиб, барча ижодкорларни мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами билан самимий қутлади. Сўнг босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари, телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари, интернет журналистикаси, ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари, тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари йўналишида жами 24 нафар ғолиб ва совриндорга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
[gallery-18774]
– Ушбу нуфузли танловга ўзимнинг “Оқ аждаҳо ҳамласи” номли янги асаримни тақдим этган эдим, - дейди ёш ижодкор Мадаминжон Солижонов. – Бугун ғолиблар қаторида эътироф этилганимдан жуда хурсандман. Бу мукофот мени янги-янги асарлар ёзишга, янада фаол ижод қилишга ундайди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг элимиз суйган санъаткорлар томонидан куйланган куй-қўшиқлар барча тадбир иштирокчиларига юқори кайфият бағишлади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА