Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида “Ватан, мадҳингни куйлайман” деб номланган адабий анжуман бўлиб ўтди.
Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими фаолиятининг йил якунлари сарҳисоби сифатида ўтказилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қамчибек Кенжа, Фарид Усмон, Ҳабиб Сиддиқ, Дурбек Қўлдошев, Ҳалим Карим ва бошқа адиблар сўз олиб, бўлим томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, келгуси йил режалари ҳақида гапирди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга мурожаатномаси, унда белгиланган олти муҳим йўналиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ижод аҳлининг ўрни ва роли хусусида атрофлича сўз юритилди.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланган Янги – 2026 йилда ҳам андижонлик ижодкорлар ўзларининг ижод намуналари билан юртимиз ривожи, халқимиз маънавиятини юксалтириш борасидаги ишларда янада фаол бўлиши таъкидланди. Келгуси йилдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Якунда бир гуруҳ ижодкорларга уюшма вилоят бўлимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари – китоблар тўплами топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари