French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижод аҳли Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказида бўлди
11:22 / 2026-01-29

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида пойтахтимизда бунёд этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Ватанимизнинг бой ўтмиши, буюк аждодларимиз мероси, муқаддас Ислом дининг маърифатпарвар ва тинчликсевар ғояларини ўзида мужассам этган табаррук маскандир. Бу марказни кўриш – ҳайрат, ҳавас, фахр ва ифтихор туйғуларини юракдан ўтказиш, муносиблик масъулиятини англамоқ, демак.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Янги Ўзбекистон” нашри таҳририятининг вакиллари, устоз ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, миллий сўз санъатимиз жонкуярлари, журналистлар мазкур муаззам масканга ташриф буюрди.    

Тошкент шаҳрида чуқур илмий-маърифий хулосалар асосида қад ростлаган ушбу марказ юртимиз тарихининг гоҳ шонли, гоҳи синовли даврларини, Ислом динининг бебаҳо қадр-қимматини, асрлар оша инсониятни ҳайратлантириб келаётган Қуръони Каримнинг тарихи, унинг мўъжизакор, ҳикматли хусусиятларини теран англашда ўзига хос аҳамият касб этмоқда.  

Ушбу муаззам ва муҳташам марказнинг қад ростлашида минглаб қурувчилар, бунёдкорлар, муҳандислар, олимлар, диншунослар, ҳунарманд ва мусаввирлар, дизайнерлар, кутубхоначилар, музейшунослар, экспертларнинг заҳматли ва фидокорона меҳнатлари мужассам. Юзлаб бетакрор илмий-маърифий, инновацион лойиҳалар мазкур марказнинг бу қадар жозиба, маҳобат,  билимлар хазинасига йўғрилишида алоҳида аҳамият касб этди.  

Ислом цивилизацияси маркази биз кимларнинг авлоди эканимизни янада теранроқ англаш имконини бериши билан ғоят қадрли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ислом цивилизацияси маркази нафақат аждодларимиз меросини ўрганиш маскани, балки ёшлар илмий-тадқиқот  фаолиятида бевосита иштирок этадиган фаол илмий-маърифий масканга айланиши керак”, деган сўзлари марказнинг экспозиция заллари устида иш олиб борган катта илмий жамоанинг асосий шиори бўлди.  

–  Кўпинча хорижлик меҳмонлар ушбу масканга келиб ҳайратланадилар ва унинг жозибаси, сири нимада экани ҳақида ўйга толадилар, – деди Ислом цивилизацияси маркази раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов. – Уларга айтаманки, дунёнинг кўплаб етакчи давлатларидаги бу каби илмий даргоҳлар,  музейларда қонни кўрасизлар, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида эса маърифатни кўрасизлар, деб Шу сабабли мазкур даргоҳ ғоят мўъжизакор ва жозибалидир. Президентимизнинг муаллифлик ғоялари бўлган ушбу мега лойиҳа муқаддас Ислом динининг маърифатпарварлик, эзгулик, бағрикенглик, билимга интилувчан ғояларини кўрсатишга йўналтирилгани билан халқаро миқёсда ҳам кенг жамоатчилик диққатини жалб этмоқда.  

–  Бугунги ғоят мураккаб ва синовли даврда жаҳолатга қарши маърифат энг асосий қурол экани тобора яққолроқ аён бўлиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири   Сирожиддин Саййид. –  Давлатимиз раҳбари ғояси билан бунёд этилган мазкур марказ муқаддас Ислом динининг эзгу ва маърифатпарвар ғояларини, аждодларимизнинг бой меросини теран англашда улкан аҳамият касб этади.  

Марказнинг музей мажмуаси экспозицияси бир нечта тарихий залларни ўз ичига олади.  “Қуръони карим зали”, “Исломгача бўлган цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбек хонликлари даври”, “XX асрда Ўзбекистон”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс”  каби заллар, қимматли экспозициялар, тарихий манбалар  устоз ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, маънавият тарғиботчиларида катта таассурот уйғотди.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири