Талабалар мамлакатнинг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд энг ёш, ғайратли, келгусида асосий ишчи кучини ташкил қилувчи қатлами ҳисобланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг қарийб 41 фоизи ётоқхона билан таъминланганини маълум қилган эди. Вазирлик маълумотига кўра, турар жойни оптималлаштириш ва икки қаватли каравот сотиб олиш орқали ўтган йили 228 та ётоқхонадаги мавжуд 60 мингга яқин ўринга қўшимча равишда 20 мингта ўринлар яратилган.
Аммо талаба кўп, турар-жой эса ҳануз муаммо!
Ижарага уй қидириб юрган талабаларнинг муаммоларини ўрганиш ва яқиндан ёрдам бериш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган, “уй бозори”да ўрганиш ишлари олиб борилди.
Бунда талабаларнинг турар жой бўйича муаммолари ўрганилди. Натижада Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент молия институти, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент давлат педагогика университети ва яна бир қанча олий таълим муассасалари талабаларининг 50 га яқини қулай ижара уйларига жойлаштирилди.
Қайд этиш лозимки, ушбу тадбирлар талабалар тўлиқ турар жой билан таъминлангунга қадар доимий вазирлик назоратида бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА