Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган.
Мазкур фармонга мувофиқ,2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади.
Энди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилади.
Ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича материалларни тайёрлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар, очиқ электрон танлов учун белгиланган тартибда, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш эса, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган “Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
2024 йил 1 мартга қадар 15 626,8 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини (аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши, унумдорлиги юқори бўлган, майдони, қоида тариқасида, 5 гектардан юқори контурларни 1 гектаргача лотларга бўлган ҳолда);
очиқ электрон танловга чиқарилган ва ғолиб аниқланмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари 2024 йил 1 мартдан бошлаб автоматик тарзда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши таъминланади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилади.
Бунда ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт бўлади.
Юридик шахсларга электрон онлайн аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилади.
Ижарага берувчи очиқ электрон танлов натижасига кўра ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бирйўла тўлаши шарт.
ЎзА