Бухоро вилояти Когон шаҳрида «Рубин Орзу Текстиль» оилавий корхонасини ижара жойда юритиб келган Умида Абдурашидованинг бугун қувончи чексиз. Чунки, вилоят 4-сектор ишчи гуруҳи ташаббуси билан унга яқиндан амалий кўмак берилди.
Тадбиркорнинг шу пайтгача доимий ишлаш биноси бўлмаганлиги сабабли 4-сектор ишчи гуруҳидан бино топишда амалий кўмак беришларини сўраган. Сектор ишчи гуруҳи ҳамда Когон шаҳар тегишли ташкилот вакиллари билан келишилган ҳолда Умида Абдурашидовага илгари маҳалла маскани бўлган, айни пайтда фойдаланилмай турган бинони қайта таъмирлаб, текин фойдаланиш учун берилди.


Замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган тикув цехида ўндан ортиқ хотин-қиз турли кўринишдаги ёстиқлар, кўрпа тўшаклар ва уларнинг жилдларини, аёллар кийимларини тикиб келмоқда. Тадбиркор айни пайтда маҳсулотларини ички бозорларга сотмоқда. Тез фурсатда чет давлатларга ҳам экспорт қилиш ниятида.
– Солиқ органлари ходимларининг яқиндан кўмаги натижасида, бизнес учун қулай бўлган жойдан бинога эга бўлдим, – дейди Умида Абдурашидова. – Бундан ташқари мутасаддилар 4 нафар доимий ишчи топишда ҳам кўмаклашди. Бундан илҳомланиб, фаолиятимни янада кенгайтириб, замонавий тикув машиналари сонини 20 тага етказиш ва шу орқали қўшимча иш ўринлари яратишни мақсад қилиб қўйдим.
Зариф Комилов, ЎзА