French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Изчил ислоҳотларнинг амалдаги самаралари
19:50 / 2021-08-19

Бухоро вилояти Вобкент туманида ижтимоий муаммолар ечими, айниқса, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова ҳамроҳлигида “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг турмушини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси дастлабки манзил бўлди. Бу ерда беморлар иммунолог-аллерголог, отариноларинголог, шунингдек, болалар неврологияси, терапевт, оила шифокори, стоматолог каби тор доирадаги шифокор мутахассислар хизматидан фойдаланади. Қабуллар электрон тизим орқали амалга оширилади. Шунингдек, аёллар маслаҳатхонаси ва дорихона аҳоли хизматида.

Пресс-тур иштирокчиларига поликлиника бош шифокори Шуҳрат Ражабов бўлимларнинг фаолияти ва кунлик қабули бўйича батафсил маълумот берди. Айни кунда ҳудуддаги 106 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олинган. Бунда 14-30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар қарийб 3.5 минг нафарни ташкил этса, алоҳида тоифадаги аёллар 13 минг 436 нафарни, эркаклар 12 минг 553 нафарни, якка-ёлғиз, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар 25 нафарни ташкил этмоқда. Назоратга олиниб, мунтазам тиббий муолажадан баҳраманд бўлаётган ногиронлар эса ҳудудда 378 нафарни, фертиль ёшдаги аёллар 5 минг 570 нафарни, вояга етмаганлар 6 минг 370 нафарни ташкил этади.

Албатта, фаолият давомида никоҳланувчилар тиббий кўриги, аёллар саломатлиги, турли ўткир юқумли касалликларга қарши даво чоралари, ҳомиладорликдан сақланиш воситалари, эпидемияга қарши даволаш тадбирлари, қолаверса. санитар-эпидемиологик ҳолат Марказий поликлиниканинг тор доирадаги мутахассислари зиммасига юкланган. Бунда умумий касалликлар таҳлили ойма ой олиб борилаётгани, турли хасталикларга нисбатан тизимли даволаш чоралари қўлланилаётгани ҳам мақсадга мувофиқ.

“Аёллар дафтари”га киритилган Лобар Очилова норасида фарзандлари билан оғир аҳволда қолганида унга маҳалла ва Халқ банки туман филиали мутасаддилари мадад қўлини чўзди. “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйида аёллар гўзаллик салонини очишида ёрдам берилди. Банкдан олинган 11,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи Лобарнинг самарали иш бошлашига амалий ёрдам бўлди.

–Мижозларимга хизмат кўрсатиш орқасидан ойига 2 миллион сўмгача даромад қиляпман. 140 минг сўм банк кредит фоизини тўлайман, – дейди Лобар Очилова. – Шу ҳунарим орқасидан фарзандларимни боқяпман, оилам тинч.

“Ekvatorial Chodak” МЧЖ да ўтган йили киритилган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига жинси шим ва красовка ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонада Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманларидан 400 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Улар учун махсус транспорт қатнови йўлга қўйилган. Туркия, Япония ва Италия технологияси асосида жиҳозланган корхонада ҳар куни 5 мингдан зиёд замонавий бичимдаги маҳсулот, яъни жинси шим ва красовка тайёрланмоқда.

Корхона раҳбари Махфират Ғайбуллаеванинг таъкидлашича, айни пайтда замонавий андоза ва турли ўлчамда тикилаётган жинси шимларнинг 150 минг донаси ички бозорда, 300 минг донаси Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда. Асосийси, корхонада ишлаётганларнинг моддий манфаатдорлиги ошаётир. Ишчилар аксариятини ёшлар ташкил этади.

[gallery-3493]

Туманнинг “Халач” МФЙ Қуйи Халач қишлоғида яшовчи Нозигул Жўраева оғир дардга чалинган. Деярли ҳар куни тиббий муолажага муҳтож, соғлиги ҳақида қайғуришга мажбур. Шу важдан маҳалла-кўй, қолаверса, туман ҳокимлиги ижтимоий муҳофазасига олинганига кўп бўлмаган. Ўзига хос сабр-матонати ва иродаси билан касалликка қарши кучли “иммунитет” ҳосил қилган аёл ҳаётга, яшашга бўлган завқ-шавқи сабабли уйида бекор ўтирмасдан патдўзлик билан шуғулланмоқда.

–Бугун ҳам кимёвий муолажа олишга шошаётган бир пайтда келиб қолдингиз, аммо бу ҳол қизимнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, у туман, ҳатто вилоят мутасаддилари йўқлови туфайли яшаши кераклигини ич-ичидан ҳис қилмоқда, – дейди Нозигулнинг онаси Орзигул Ашурова. – Шу йил март ойида ҳомийлик ёрдами билан қизимга янги патдўзлик машинаси олиб берганликлари ҳаётини қайта бошлашига бир куч бўлди. Ҳозир икки шогирдини ёнига олиб, патдўзлик машинкалари ва буюртмаларини кўпайтириб, қишлоқдошлар ҳожатини чиқармоқда. Қўли ҳам қуруқ қолаётгани йўқ.

Туман ҳокимлиги айни пайтда Нозигул Жўраеванинг икки норасида фарзанди учун бир неча йиллик алимент тўловини ундиришда қонуний ёрдам бериш чораларини кўрмоқда. Бу ҳам Нозигул сингари ўнлаб матонат эгалари, кўнгли кемтик юртдошларимизга кўрсатилаётган ижтимоий мададнинг бир кўринишидир.

Пресс тур давомида журналист ва блогерлар 2-сонли касб-ҳунар мактабида бўлишди. Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил қилинган касб-ҳунар мактабида 2020-2021 ўқув йилида 203 нафар ўқувчи, аниқроғи, ижтимоий муҳофазага олинган оилаларнинг фарзандлари ўзлари танлаган йўналишларда ўқитилиб, кўникмаси шакллантирилди.

– Бизда автомобилларни таъмирлаш чилангари, тикувчи, асаларичи, пайвандловчи, аппарат ва дастурий таъминот созловчиси, шунингдек, қандолатчи, новвой, аёллар сартарошлиги, автомашиналарни ювиш, мойини алмаштириш, компьютер хизматлари бўйича таълим жорий қилинган, – дейди таълим маркази директори Олим Бақоев. – Мактабда республика асаларичилик уюшмаси билан ҳамкорликда асаларичилик йўналиши бўйича “Симуляцион марказ” очилган бўлиб, намуна тарзида 30 та асалари оиласи парваришланмоқда. Касб-ҳунар мактабида дуал таълим тизими жорий этилган. “Камалак шабнам”, “Вобкент автотеххизмат”, “Вобкент тола кластер”, “Экваториал Чодак”, “Агросервис МТП” каби ўндан ортиқ масъулияти чекланган жамиятлари билан амалиётга йўналтирилган таълим дастурлари асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

2020 йилда давлат бюджети ва касб-ҳунар мактаби махсус ҳисоб рақами маблағи ҳисобидан 90 ўқувчи ўрнига эга енгил конструкцияли ўқув устахонаси қурилди. Эътиборли жиҳати, мактаб битирувчилари ўзлари танлаган йўналишда юқорида кўрсатилган корхоналарда ишлаб, ойига 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача ойлик маош олмоқда. 

Айни кунда эса бу даргоҳда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 238 нафар ишсиз фуқаро, хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилган.

Вобкент туманида ташкил этилган пресс турда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мустақил блогерлар манзилли бориб ўрганилган ҳар бир субъектда амалга оширилаётган турли ўзгаришлар ва янгиланишлар, хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш нуқтаи назаридан масъул мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА