Давлатимиз раҳбари лавозимига киришган кунданоқ биринчи навбатда аҳолини рози қилишга эътиборни қаратгани ҳам бежизга эмас. Бу йўлда қанчадан-қанча аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар ҳал қилинганлигини ҳаммамиз ўз кундалик ҳаётимизда гувоҳи бўлмоқдамиз. “Қилса бўлар экан-ку” деган қараш ҳар куни ҳар биримизнинг дилимиздан ўтади.
2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали Бухоро вилояти аҳолисидан 30,3 мингта масалага оид мурожаат келиб тушган. Шундан 27,3 мингтаси ижро учун ҳудудий ташкилотларга юборилган. 10 мингтаси (36 фоиз) ижобий ҳал этилди. Олиб борилган ижобий ишлар натижасида келиб тушган ариза ва шикоятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайишига, ижобий ҳал этилган мурожаатлар сони ошишига эришилган.

Аҳоли томонидан асосан моддий ёрдам ва ҳомийлик, пенсия ва ижтимоий таъминот, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарлар, электр энергияси таъминоти, суд қарорларини ижро этиш, алимент ва қарз ундириш, бандлик, газ таъминоти, йўл инфратузилмаси, уй-жой билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар энг кўп кўтарилган.
Айниқса, меҳнатга ҳақ тўлаш, давлат мулки ва активларини бошқариш, автосаноат, иссиқлик таъминоти, уй-жой кредити, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, электр энергияси таъминоти, солиқ соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорат, банк кредит операциялари, қурилиш, умумий ўрта таълим билан боғлиқ масалалар сезиларли ошган.

Ҳисобот даврида Бухоро вилояти, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан 1 445 маротаба оммавий сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда 8 587 масалага оид мурожаат келиб тушган, шундан 5 112 таси ижобий ҳал этилган.
Халқ қабулхоналари томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторингларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига 134 тақдимнома ва 36 таклиф ҳамда Халқ депутатлари Кенгашларига 104 ахборот киритилди. Киритилган ҳужжатларга асосан камчиликлар бартараф қилиниши билан бир қаторда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 211 нафар ходими огоҳлантирилди, 14 нафар ходимига нисбатан “ҳайфсан”, 1 нафар ходимига нисбатан ойлик иш ҳақидан жарима интизомий жазо чораси қўлланилди, 13 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 8 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.

Халқ қабулхоналари томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар асосида Бухоро вилоятида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ижобий ҳал қилинган. Мисол учун, Бухоро шаҳар “Лоша” маҳалла фуқаролар йиғини Кўлишўра аҳоли пунктида яшовчи фуқаро С.Шаропов ва бир қатор фуқароларнинг Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 13 апрель куни ички йўлларни асфальтлаштириб бериш борасида мурожаат қолдирган эди. Халқ қабулхонасининг ташаббуси билан муаммо Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашида муҳокама қилиниб, бугунги кунда аҳолининг розилигига эришилди. Ички йўллар асфальтлаштириб берилди.

Вобкент тумани “Кўлодина” маҳалласида ҳам аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштирилган, ҳар томонлама шинам ва қулай болалар боғчаси қурилиши қизғин давом этмоқда. Шофиркон туманининг “Доригар” маҳалласи аҳолисининг туман Халқ қабулхонасига ва сектор раҳбари билан ўтказилган сайёр қабулларда йўллаган мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда узоқ йиллардан буён ҳудудда мактабгача таълим муассасаси қуриш масаласи ҳал этилди. 2023 йил июнь ойида қамрови 200 нафарга мўлжалланган янги болалар боғчаси қурилиб фойдаланишга топширилди. 15 янги иш ўрни яратилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида, вилоятимиз бўйича дастурларга тушмаган ички йўллар энг оғир ва абгор ҳолатдаги маҳаллалар танлаб олиниб, улардаги 121,9 километр ички йўлларга шағал ётқизилди.
Маъмур Раҳмонқулов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси
бош мутахассиси
ЎзА