Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизғин тараддуд кўрилмоқда
17:09 / 2015-12-24

Тошкент вилоятининг деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида ҳам байрамолди қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилмоқда.

Тошкент вилоятининг деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида ҳам байрамолди қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилмоқда.

Аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш, бозорда нарх барқарорлигини сақлаш мақсадида ташкил этилган анъанавий ярмаркага вилоятдаги таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари, паррандачилик фабрикалари бириктирилган. Уларга ҳар бир савдо нуқтасида тўлов терминали ўрнатиш, маҳсулотни сифатли ва арзон нархда етказиб бериш ҳамда сотиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Бекобод, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Паркент, Янгийўл, Оққўрғон, Чиноз туманларидаги деҳқон бозорларида ана шундай ярмаркалар фаолият олиб бормоқда.

“Чиноз деҳқон бозори” ҳудудида ташкил этилган ярмаркада мева-сабзавот, полиз, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик маҳсулотлари нисбатан арзон нархларда сотилмоқда.

– Рўзғор учун зарур бўладиган маҳсулотларни шу ердан олмоқдамиз, – дейди чинозлик Ҳуринисо Рўзимуҳамедова. – Бугун ярмаркадан гўшт, тухум, картошка ва пиёз харид қилдим. Уларнинг сифати юқори, нархи нисбатан арзон. Янги йил байрами арафасида давлатимиз томонидан аҳолига яратилаётган бундай қулайликлардан миннатдормиз.

Чиноз тумани ҳокимлигидан маълум қилишларича, Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда, катта шодиёна билан нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Туманнинг диққатга сазовор жойларида бунёд этилаётган “Эртаклар шаҳарчаси”да Янги йил байрами томошалари 27 декабрь куни бошланади. Тадбир доирасида турфа ўйинчоқлар, совғалар, китоблар, ўқув қуролларининг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Байрамда болажонлар эътиборига театрлаштирилган томошалар, цирк, ёш ижрочилар иштирокидаги концерт ва мусиқий дастурлар ҳавола этилади. Ўқувчилар учун турли қизиқарли викториналар, интеллектуал беллашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Айни пайтда савдо мажмуалари, корхона ва ташкилотлар атрофи, кўча ва йўл четларидаги арчалар байрамона ясатилмоқда. Дарахтлар ва биноларга ранг-баранг чироқлар ўрнатилаётир.

Кириб келаётган янги йилни муносиб кутиб олиш, кенг нишонлаш, тинч-осойишта ўтказиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилаётир.

Тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани яхши самара бераётир. Маҳаллалар ва таълим муассасаларида “Огоҳлик – давр талаби”, “Ўз уйингни ўзинг асра!” мавзуларида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда.

Янги йил шодиёналари Тошкент вилоятининг бошқа туман ва шаҳарларида, маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларда ҳам ташкил этилмоқда. Мазкур жараёнда эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.