Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Июль ойида қуёш ва шамол станциялари 1,2 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарди
14:00 / 2025-08-04

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, қуёш ва шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилаётган “яшил” энергия ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, 2025 йил июль ойида қайд этилган юқори натижалар мазкур соҳа салоҳияти тобора ўсиб бораётганини яққол тасдиқлади.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, 2025 йил июль ойида юртимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 1 миллиард 246 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу мамлакат энергетика тизимидаги энг юқори ойлик кўрсаткич бўлиб, умумий электр генерациясининг 17 фоизини ташкил этган.

Айни пайтда юртимизда умумий қуввати 4 минг 119 мегаваттга тенг бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 4 та шамол электр станцияси фаолият юритиб, қайта тикланувчи манбалардан “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.

Бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 2025 йил май ойида қайд этилган бўлиб, у вақтда қуёш ва шамол электр станциялари орқали 1 миллиард 104 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди. Июль ойидаги кўрсаткич май ойига нисбатан 142 миллион киловатт-соатга кўп бўлди.

Маълумот ўрнида, 2022 йилда фақат иккита қуёш фотоэлектр станцияси томонидан йил давомида жами 434 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 576,9 миллион киловатт-соатга етган. 2024 йил якунида эса қуёш ва шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 миллиард 860 миллион киловатт-соатни ташкил этди.

2025 йил июль ойида ишлаб чиқарилган умумий 1 миллиард 246 миллион киловатт-соат энергиянинг 760,9 миллион киловатт-соати қуёш станциялари ҳиссасига тўғри келса, 485,4 миллион киловатт-соати шамол станцияларида ишлаб чиқарилган.

Ушбу энергия ҳажми орқали 377,5 миллион метр куб табиий газ тежалди ҳамда атмосферага чиқарилиши мумкин бўлган 1 миллион 120 минг тонна зарарли газларнинг олди олинди.

Шунингдек, июль ойида мамлакатдаги барча қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари томонидан 2 миллиард 89 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ойлик умумий генерациянинг 27 фоизини ташкил этди.

Ушбу кўрсаткич туфайли 633 миллион метр куб табиий газ тежалди, атмосферага чиқиши мумкин бўлган 1 миллион 880 минг тонна зарарли моддаларнинг тарқалишига йўл қўйилмади.

Айтиш жоизки, июль ойида ишлаб чиқарилган 2 миллиард 89 миллион киловатт-соат электр энергияси 1 миллион 492 минг хонадоннинг етти ойлик ёки 870 минг хонадоннинг бир йиллик энергия эҳтиёжини қоплаш имконини беради.

Шунингдек, 2025 йил 2 август ҳолатига кўра, йил бошидан буён республикадаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси миқдори 6 миллиард киловатт-соатдан ошгани қайд этилган.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА