Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қийинчиликларга бўйин эгмаган халқ юксакликка интилади
09:47 / 2020-05-08

Бухоро вилоятига жиддий зарар келтирган табиий офат оқибатларини бартараф этиш, талафот етган хонадонларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига 11,5 мингга яқин қурувчи жалб қилинган.

Бухоро вилоятига жиддий зарар келтирган табиий офат оқибатларини бартараф этиш, талафот етган хонадонларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига 11,5 мингга яқин қурувчи жалб қилинган. 

Бугун, айниқса, Олот тумани улкан қурилиш майдонига айланган. Туман аҳолиси секин-аста одатий ҳаётига қайтмоқда. Туманида ташкил этилган штабдан қайси хонадонга қанча маҳсулот керак бўлса етказиб берилмоқда.

– Мана шундай синовли, оғир дамда Президентимиз қаҳрамонликлари, халқ дардини ўйлаши таҳсинга лойиқ, – дейди фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов. – Халқни севиши, меҳрибонликлари, тиргак, суянч бўлиши одамларимизда ишонч пайдо қилди ва тезда ишга киришилди. Давлатимиз раҳбари Сардобада ҳам Олот, Қоракўлда ҳам талафот етган ҳудудларни ўзи бориб кўриб, таъмирлаш-тиклаш ишларига бош-қош бўлиши инсонпарварликнинг энг олий намунаси. Деҳқончилик бирор йил ҳам осон келмаган. Бу йил мана шундай офат синов бўляпти. Президентимизнинг фермерга зарар етмайди дейиши ҳам катта мадад бўлди. Тажрибали фермерлар ғалланинг ўрнига пахта экишга киришди. Худо хоҳласа, ҳосил мўл бўлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра вилоятда 38 минг 361 аҳоли хонадони, 842 ижтимоий соҳа объектига турли даражада зарар етган ва асосий талаб том ёпиш маҳсулотларига бўлмоқда. Сўнгги куннинг ўзида Бухорога 88 минг дона шифер олиб келинган ва биргина Олот туманига 40 мингта шифер ажратилган. Шундан 39 мингтаси аҳоли хонадонларига тарқатилган.

Бугун Олот туманида ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ изга тушди. “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Иброҳим Ҳамроевнинг қайд этишича, Президентимизнинг Олотга ташрифи ҳудудда кескин бурилиш ясади. Янгиланиш ва бунёдкорликларга қанот бўлди. Кластер 2019 йилда 4 миллион 110 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилги ҳисоб-китобларга асосланган режа 6,5 миллион АҚШ долларига тенг.

Қоракўл туманида қурилиш, тиклаш-таъмирлаш ишлари авжида. 

Кучли шамол оқибатида туманда талофат кўрган 50 маҳалла бугун давлат қудрати, эътиборини ҳис қилмоқда. Умумий ҳисобда шу кунга қадар аҳолига 41 минг дона шифер, 921,1 метр квадрат профнастил, 126,76 метр куб тахта тарқатилди. Ташкилотлар, соҳа объектларига 16 минг 975 дона шифер, 21 минг 397,5 метр квадрат профнастил, 396,51 метр куб тахта, 820 килограмм мих етказиб берилди.

Туман нуфузини дунёга танитган Халқаро математика мактаби бугун ҳудудда талофат кўрган 55 таълим муассасаси қаторида қайта таъмирланмоқда.

– Бутун Ўзбекистон аҳли бошимизга тушган оғир кунда ёрдам қўлини чўзиб, бизга етказилган зарарни ўзларининг зарари, ўзларининг дарди сифатида қабул қилгани бизга катта мадад бўлди, – дейди Халқаро математика мактаби директори Темир Рўзиев. – Бизнинг мактабимизда ҳам штаб ташкил қилинган. Ҳозирги кунда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилиб, кўриниши олдингидан ҳам чиройли тус оляпти. Энг асосийси аҳолининг руҳияти тетик. Чекиниш йўқ. Бирдамлик, аҳиллик ҳамжиҳатлик ҳар бир ишда кўриняпти.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА