Жорий йил мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида самарали йил бўлди, деб айтиш мумкин. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг хорижга амалга оширган давлат ва расмий ташрифлари, ўлкамизда ташкил этилган турли нуфузли тадбирлар, масалан, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси, 30 октябрь – 14 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида UNESCO 43-сессияси... Буларнинг бари Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва дипломатик салоҳияти янада юксалганини англатади.
Қолаверса, республикамизда иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва аёллар сиёсатида муҳим дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ижтимоий-иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланди, янги иш ўринлари яратилди, аҳолининг турмуш сифати ва даромадлари сезиларли даражада ошди, энг муҳими – фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ошди.
ЎзА мухбири “Дунёга назар” таҳлилий дастури орқали тарихчи Ихтиёр Эсоновнинг Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва жорий йилда эришилган муҳим сиёсий-дипломатик ютуқлар хусусидаги фикри билан қизиқди.
– Маълумки, жорий йил геосиёсий майдонда бир қанча нотинчликлар кузатилди, -дейди И.Эсонов. – Дейлик, Яқин Шарқдаги зиддиятлар, Россия – Украина низоси, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий конфликтлар... Мана шундай бир мураккаб вазиятда Ўзбекистон геосиёсий мувозанатни сақлаб, минтақада нейтрал ва очиқ прагматик сиёсатини давом эттирган ҳолда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон билан стратегик шерикликни янада ривожлантирди, РФ билан иқтисодий-энергетика лойиҳаларни давом эттирди, Европа Иттифоқи билан эса “яшил энергетика”, юқори технология соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштирди. Менимча, бу каби воқеалар 2025 йилда диёримизнинг энг катта ютуқларидан бири бўлди, дейиш мумкин.
Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ARW7djaXXeE" title="Ixtiyor Esonov: O‘zbekiston muvozanatli tashqi siyosat orqali mintaqada barqarorlikni ta’minlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов,
И.Исматов (видеомуҳандис),
ЎзА