Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги “Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан бокс бўйича Баҳодир Жалолов ҳамда гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаблари Спорт вазирлиги тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилмоқда.
Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби — Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби, Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби — Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби этиб қайта номланиши кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, мазкур фармонга биноан жорий йилнинг 1 сентябригача ихтисослаштирилган спорт мактаблари учун мақбуллаштирилган ўқув режалари ишлаб чиқилиши белгиланди.
Хўш, мазкур ўқув режа маҳоратли спортчиларни тайёрлаш билан бирга яна қайси жиҳатларни қамраб олади? Аҳолининг бокс ва гимнастикага бўлган қизиқишини янада ошириш, ёшлар орасидан иқтидорлиларни саралаш тизимини такомиллаштириш учун нималарга эътиборни кучайтириш зарур?
Айтиш лозим, юртимиз келажаги бўлган ёшларни кичик ёшидан билим ва кўникмаларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини уларнинг қалбига сингдиришда мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар, кундалик машғулотларнинг ўрни беқиёс.
Шу жиҳатдан, фармонда ихтисослаштирилган спорт мактаблари учун мақбуллаштирилган ўқув режаларини ишлаб чиқиш, уларда Ўзбекистон тарихи ва инглиз тили фанларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ҳамда умумлашган табиий фан ва спорт психологиясининг замонавий усулларда ўргатилишига алоҳида эътибор қаратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, ихтисослаштирилган спорт мактабларида иккинчи хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилиши, мамлакатимиздаги ҳар бир туман ва шаҳардан камида 3 тадан энг намунали давлат мактабгача таълим ташкилотлари танлаб олиниб, уларда гимнастика хоналари ташкил қилиниши, зарур шарт-шароитлар яратилиши қайд этилди.
Ушбу таълим муассасаларида 2024/2025 ўқув йилидан ҳар йили маҳаллий ва хорижий спорт усталари, тренер ҳамда машҳур спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
Яна бир эътиборли жиҳат, ихтисослаштирилган спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида алоҳида жамоа сифатида тўғридан-тўғри иштирок этиши кўрсатиб ўтилди.
Ихтисослаштирилган спорт мактаблари тизимида бокс ва гимнастика бўйича тренерлар мактаби ташкил қилиниши эса келажакда мамлакатимизда халқаро билимларни эгаллаган маҳоратли мураббий ва мутахассислар жамоаси шаклланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Т.Рўзиев, ЎзА