Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ихтисослаштирилган мактабларда "Pearson Edexcel" дастури татбиқ этилади
21:31 / 2025-11-25

Мамлакатимизда таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ва глобал таълим стандартларига мослашиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда етакчи хорижий таълим ташкилотлари билан мунтазам мулоқот ва қўшма лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигида Буюк Британиянинг нуфузли таълим компанияси — Pearson вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқув жараёнини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Ихтисослаштирилган таълим агентлиги маълумотида.

Маълумот ўрнида: Pearson дунёнинг энг йирик таълим компанияларидан бири бўлиб, рақамли ўқув ресурслари, замонавий дарсликлар ва халқаро имтиҳон тизимларини таклиф этади. Улар томонидан ташкил этиладиган PTE (Pearson Test of English) ва PEIC (Pearson English International Certificate) имтиҳонлари жаҳон миқёсида кенг тан олинган.

Учрашувда Агентлик директори Севара Шакирова Pearson вакиллари Justine Carmel ва Michael Richard Hewett билан Президент мактабларида жорий этилган “Pearson Edexcel” дастурининг дастлабки натижаларини кўриб чиқди. Томонлар дастур самарадорлигини баҳолаб, уни келгусида янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Муҳокамалар давомида келгуси ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактаблардаги Cambridge синфларига “Pearson Edexcel” дастурини татбиқ этиш асосий устувор йўналиш сифатида белгилади.

Учрашув якунида томонлар бир нечта устувор йўналишлар бўйича келишувга эришди. Аввало, ўқитувчиларнинг халқаро ўқув ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Президент мактаблари имтиҳон жараёнлари учун масъуллар билан мунтазам онлайн мулоқот ташкил этиш белгиланди.

Шунингдек, STEM фанлари ўқитувчилари учун касбий ривожланиш дастурини яратиш ва ҳамкорликни Cambridge дастури жорий этилган бошқа ихтисослаштирилган мактабларга ёйиш кўзда тутилди.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА