Навоий шаҳридаги “Кимёгар” спорт мажмуасида вилоятдаги ихтисослаштирилган мактаблар учун қабул имтиҳони бўлиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятда ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 7 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати фаолият юритмоқда. 2024-2025 ўқув йилида мазкур мактабларга кириш учун жами 2 минг 989 нафар ўқувчи ариза топширган. Кириш имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш учун вилоят ҳокимлиги ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида жиддий тайёргарлик кўрилди.
– Мактабларга ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги 214-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ташкил этилмоқда, – дейди Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба бошлиғи Одил Норов. – Кириш имтиҳонлари аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича белгиланган фанлардан тест шаклида ўтказилди. Имтиҳон бир босқичда бўлиб, унда математикадан 25 та, инглиз тилидан 15 та, жами 40 та тест саволига жавоб бериш лозим. Имтиҳонлар уч кун мобайнида 3 сменада ўтказилди. Талабгорларга топшириқларни бажариш учун 90 дақиқа вақт берилди.
[gallery-18160]
Ихтисослаштирилган мактаблар учун қабул имтиҳони якунланди. 7 июль куни Президент мактаби учун имтиҳоннинг 1-босқичи бошланади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари