Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди
15:59 / 2024-12-19

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигида жорий йилги фаолият самарадорлиги, ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган ўрганишлар таҳлили ҳамда келгуси йилда амалга ошириш лозим бўлган долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Онлайн шаклда ўтказилган йиғилишда агентликнинг Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида жойлашган ихтисослаштирилган мактабларнинг раҳбар ходимлари иштирок этди.

Таълим самарадорлиги, битирувчиларни олий таълим муассасалари, миллий ва халқаро сертификатлар имтиҳонларига тайёрлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш сингари қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув жараёнида сунъий интеллектга асосланган рақамли таълим платформасидан фойдаланиш масаласини мониторинг қилиб бориш ва ўқувчиларнинг билимлари натижаларидан келиб чиқиб қўшимча курс ва тўгараклар ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаблардаги бўш иш ўринларига ходимларни ишга қабул қилаётганда малака талабларига риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасдан белгиланган тартибга мувофиқ меҳнат муносабатларини ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.

Қолаверса, ижро интизоми, шахсий таркибга оид ҳужжатларни расмийлаштиришда амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилиш, давлат харидини ташкил қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари, молиявий маблағлардан оқилона фойдаланиш, очиқлик ва шаффофлик, коррупцияга йўл қўймаслик масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Агентликда 2025 йилги энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган мактабларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилаб олиш ҳамда шу асосда тегишли ишларни амалга ошириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Агентлик директори томонидан тегишли масъулларга ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолият самарадорлигини янада ошириш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ихтисослаштирилган мактаблар фаолият самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишлар бошқа ҳудудлар кесимида ҳам бўлиб ўтади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА