Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчиларининг юз қисми кўкарган, шикастланган ва йиртиқ-ямоқ кийимларда юрган ва кир ювишга мажбур қилинаётганлиги ҳолатлари акс этган расмлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур хабар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан назоратга олиниб, Самарқанд вилояти ҳокимига ҳолатни ўрганиш ва тўпланган маълумотларни тақдим этиш бўйича сўров юборилган.
Ҳолат жорий йилнинг 25 май куни Самарқанд вилояти хокими Э.Турдимов, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Самарқанд вилоятидаги Минтақавий вакили Н.Раббимова, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўрганилди.
Минтақавий вакилнинг аниқлашича, ушбу муассасада тарбияланаётган суратдаги 2 нафар бола отаси томонидан уйига қайтариб олиб кетилган, кўзи кўкарган бола эса 11 март куни тенгдоши билан уришганлиги ва ўшанда кўзи кўкарганини айтган. Бу ҳолат боланинг тиббий анкетасида ҳам қайд этилган.
Шунингдек, тоғорада кир юваётган 4-синф боласининг онаси билан суҳбат қурилганида бу каби ҳолатлар 4 йил давомида умуман кузатилмаганлиги ва ушбу расмни кўриб тушунишмаганлигини билдирган.
Албатта, бу ҳолат ўрганилиб, унга ойдинлик киритилгач бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш масалаларида йўл қўйилган камчиликлар аниқланса, уларга тегишли чоралар кўрилади.
Н.Раббимованинг сўзларига кўра, муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда. Ходимлар ўртасида ўзбошимчалик, раҳбарларга бўйсунмаслик, лавозим вазифаларини бажармаслик, ўз ишига эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Мазкур масала Самарқанд вилояти ҳокими назоратига олиниб, муассасада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қатъий вазифа ва топшириқлар берилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати
ЎзА