Андижон шаҳрида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятини бошлади.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида таълим муассасаси очилиши ва янги ўқув йили бошланишига бағишлаб тадбир ўтказилди. Унда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова томонидан мамлакатимизда ёшларни пухта билим олиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг ўрни ва роли муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Андижон вилоятида 13 та туман ва шаҳарда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Бугунги кунда уларнинг аксариятида қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Мазкур мактабларда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилади. Мактабларда фаолият олиб бориш учун белгиланган синовлар асосида 349 нафар тажрибали педагог ишга қабул қилинди, шунингдек, захира педагоглар рўйхати шакллантирилди.
[gallery-8671]
Андижон шаҳри марказида қад ростлаган ихтисослаштирилган мактабда ўқув хоналаридан ташқари ошхона, алоҳида лаборатория, компьютер хоналари, тадбирлар ўтказиладиган зал мавжуд бўлиб, улар зарур жиҳозлар, техник воситалар билан таъминланган. Бундан ташқари, мактаб кутубхонасидан дарсликлар, ўқув қўлланмалари, уларнинг электрон шакллари, шунингдек, ўзбек ва жаҳон бадиий адабиёти намуналари ўрин олган.
Умумий қиймати 6,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасидаги қурилиш ишлари Андижон шаҳридаги “Бунёдкор транс сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.
– Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-11 синфларига кириш учун ҳужжат топширган ўқувчилардан 312 нафари тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинди, – дейди Президент таълим муассасалари агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Расулжон Каримов. – Ўқувчилар икки – аниқ ва табиий фанлар йўналишида таълим олади. Келгуси ўқув йилидан бошлаб эса ҳар йили фақат 5-синфга ўқувчилар қабул қилинади.
Дарслар ва бошқа машғулотлар миллий дастур ҳамда халқаро андозалар доирасида олиб борилади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА.