Уларнинг фаолияти мустақил бўлади
“Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Маълумки, барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмларни жорий этиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Фармон билан Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари,Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари, туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси сифатида белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш, суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Албатта, Ихтисослашган прокурорлар корпусига юқоридаги вазифалар берилиши билан бир қаторда улар фаолиятининг мустақиллиги ҳам таъминланмоқда.
Хусусан, ушбу корпус ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга ошириши ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Шу билан бирга, вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусига туман (шаҳар) прокуратураларининг тегишли йўналишларида, қоида тариқасида, камида уч йил, Бош прокуратура Ихтисослашган прокурорлар корпусига эса, қоида тариқасида, камида беш йил фаолият юритган ходимлар жалб қилиниши лозимлиги белгиланмоқда.
Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари, қоида тариқасида, судларда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида узлуксиз уч йил хизмат ўтаганидан сўнг бошқа йўналишларга ўтказилиши мумкин. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини бошқа йўналишларга ўтказиш Бош прокурор соҳавий ўринбосарининг розилиги асосида амалга оширилади.
Шунингдек, Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш мақсадида Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан, Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланиши белгиланмоқда.
Ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади.
Маслаҳат кенгашлари ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашиши назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти учун масъул ўринбосарларига тегишинча вилоят, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини ҳудуддаги вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги иш ҳажмини инобатга олган ҳолда ихтисослиги бўйича жалб қилишга рухсат берилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ихтисослашган прокурорлар корпусини тажрибали, белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга қодир, прокуратура органларида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган профессионал кадрлар орасидан шакллантириш чораларини кўриш, Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятини самарали йўлга қўйишни, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг бошқа йўналишлар бўйича ўринбосарлари ва ходимлари, туман (шаҳар) прокурорлари ҳамда уларнинг бошқа йўналишларга масъул ўринбосарлари ва ходимлари томонидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида нохолисликни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай таъсир ва аралашувларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан механизмларни назарда тутувчи ички тартибни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам қабул қилиниб, бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, фармонда Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йилнинг 1 сентябрь кунига қадар “Судларда прокурор иштироки” ахборот тизимини яратиш, дастлабки синов тарзида ишга тушириш ҳамда 2024 йилдан бошлаб амалиётга тўлиқ жорий қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувларини йўлга қўйиш, Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси ўз хизмат вазифаларини самарали амалга оширишларини тўлақонли таъминлаш мақсадида ҳар бир суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилиши лозимлиги қайд қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Камол МАРДОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Cуд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар
ва адвокатура кафедраси катта ўқитувчиси
ЎзА