Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ихтирочилик лойиҳалари корхонага миллиардлаб фойда келтирмоқда
12:39 / 2024-02-28

Навоий вилояти Учқудуқ туманида жойлашган Шимолий кон бошқармасида ихтирочилик ва рационализаторлик йўналишида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аслида изланувчан, янгиликка ўч ходимлар ойлар, йиллар давомида ўз ишланмаларини гоҳ қоғоз, гоҳ темирда синовлардан ўтказиб, натижага эришадилар. Ва албатта, ихтирочи ва фаол ходимлар алоҳида рағбатлантирилади.

Жамшид Холбеков бошқарманинг Назорат-ўлчов автоматикаси ва меъёрлаш лабороториясида бошлиқ ўринбосари сифатида фаолият юритади. У 2023 йилда иш жараёнида электр қурилмаларини автоматик тарзда бошқариш ва стабил ишлаши учун бошқарув шкафларини яратиш масаласини ўрганиб чиқди. 

– Электр дивигетелларини автоматик бошқариш Шимолий кон бошқармасининг ишлаб чиқариш бўлинмаларида режадан ташқари тўхтаб қолишнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади, – дейди Жамшид Холбеков. –Ушбу муаммони ечиш мақсадида мутахассисларимиз билан биргаликда электр қурилмалари учун бошқарув шкафларини ўзимизда ишлаб чиқиш мумкинлигини исботладик. Энг асосийси, ушбу бошқарув шкафларини ясаш учун барча керакли эҳтиёт қисмлар, материаллар, корпус қисмни ўзимизда анча арзонга топишимиз мумкин. Қўшни мамлакатлардан олинаётган ушбу бошқарув шкафлари шу кунгача 54 миллион сўм маблағ ҳисобига сотиб олинарди. Буюртма берилгандан сўнг тайёрлаш учун жуда узоқ вақт сарфланиши, шкафларни олиб келиш учун транспорт харажатлари ҳисобланганда таннарх янада ошади.

Энг ачинарлиси, айрим ҳолларда шкафларнинг электр схемасида камчиликлар кузатилар, бу эса ишлаб чиқаришга ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Бизнинг таклифимиз бўйича ишлаб чиқилаётган бир дона шундай бошқарув шкафи учун эҳтиёт қисмларига 20-25 миллион сўм харажат кетади. Шимолий кон бошқармасининг ушбу бошқарув шкафларга бўлган ўртача эҳтиёжи 40 дона, деб олинса, ҳар бир шкафдан 25 миллион сўм атрофида иқтисод қилинса, умумий ҳолда 1 миллиард сўм атрофидаги маблағ тежалади. 

Айни пайтда Шимолий кон бошқармасида очиқ усулда қазиб олинадиган кон ишлари “Шарқий” ва “Довгустов” конлари олтин таркибли сульфидли рудаларни ишлаш карьерлари” ишчи лойиҳасига мувофиқ олиб борилмоқда. 30 га яқин сульфидли карьерга ишлов бериш назарда тутилган 2-навбат ишларида “Шарқий” конлари карьерлари ўртасидаги масофа ўртача 3,5-4 километрни ташкил этади. 

Ҳозир “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида ҳам кон техникаларидан оптимал равишда фойдаланиш йўллари изланиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг таннархини пасайтириш учун хизмат қиладиган рационализаторлик таклифлари амалга оширилмоқда. Конда меҳнат қилаётган мутахассислар ва муҳандислар томонидан 2023 йилда 20 дан ортиқ таклиф киритилган. Таклифлар ўрганиб чиқилганда коннинг Режа-иқтисодиёт бюроси бошлиғи Жавоҳир Ҳамроев томонидан илгари сурилган таклиф иқтисодий самараси юқори эканлиги маълум бўлди. У Хитачи экскаваторларида мой шлангларини қисқартириб, ички ёнувчи двигателининг ўзига фильтр ўрнатиш орқали фойда олиш мумкинлигини исботлай олди. 

– Бугунги кунда “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида Хитачи ЕХ-1200-6 ва Хитачи ЕХ-1200-7 русумидаги гидравлик экскаваторлар мавжуд, – дейдм Ж.Ҳамроев. – Уларнинг барқарор ишлаши кон бошқармаси олдига қўйилган режаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Гидравлик экскаваторларининг QSK-23 ички ёнув двигатели фильтрларига мойнинг қизиб айланиш жараёни шлангнинг тез эскиришига ва унинг ички қисми емирилишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида шлангнинг емирилган бўлакчалари фильтрга бориб тиқилади ва икки ярим миллион сўмлик QSK-23 ички ёнув двигателида мой алмашиш системаси бузилиб, двигателнинг қизиши натижасида ишдан чиқади. Рационаторлик таклифимга кўра, аввал фильтр билан QSK-23 двигатели 1,5 метр масофали қувур (шланг) орқали уланиб турган бўлса, таклифдан сўнг фильтр двигателнинг ўзига ўрнатилди. Бу эса фильтрни аввалги ҳолатига кўра, мой маҳсулотлари кам ишлатилиши ва двигателнинг тез ишдан чиқишининг олдини олиш баробарида аввалги ҳолатига нисбатан ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва таъмирлаш учун вақтни қисқартириш орқали иқтисодий самаралилиги ҳисобига фойдали бўлди.

“Шарқий” конида олтин рудалари қаторида оҳактош карьери ҳам мавжуд. Мураккаб технология асосида 3-Гидрометаллургия заводида сульфидли рудалардан олтин олишда оҳактош маҳсулоти муҳим саналади. Коннинг 5-сонли участкасида 2008 йилдаги лойиҳага асосан 3-ГМЗнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, оҳактошни майдалаб, саралаб, фракцияланган оҳактошни ажратиш ва уни темирйўл думпкарларига юклаш ишлари амалга оширилади. 

Жавоҳир Ҳамроевнинг яна бир ишланмаси – “Шарқий” конидан 3-ГМЗ эҳтиёжи учун юкланувчи қайта ишланган фракцияланган оҳактошнинг ўрнини босувчи, нисбатан арзон оҳактошлардан фойдаланиш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш” мавзусидаги таклифидан 20 миллиард сўмга яқин иқтисодий самарадорлик кутилмоқда. 

Бугунги кунда Шимолий кон бошқармасининг барча бўлинмаларида ёш рационализаторлар клублари, цехларда тўгараклар ташкил этилган. Бунинг натижасида корхонада 2023 йилнинг ўзида кончилик, олтин ажратиб олиш технологияси, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда ахборот коммуникация технологиялари йўналишларида 80 та рационализаторлик таклифи ишлаб чиқилиб, улар тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилди. Натижада корхона 2023 йилнинг ўзида 42 миллиард сўмлик иқтисодий самарадорликка эришди.

– Бошқарманинг таркибий бўлинмаларида мунтазам равишда техник ва технологик қайта жиҳозлаш амалга оширилади. Бу жараёнсиз мавжуд асбоб-ускуналардан узоқ вақт фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатишнинг имкони йўқ, – дейди Ишлаб чиқариш-техника ва инновацион бўлими бошлиғи Фаррух Абдимўминов. – Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва ишчи-ходимлар меҳнатини осонлаштириш мақсадида инновацион ғояларга асосланган ҳолда янги технологиялар ва илмий ишланмалар устида изланмоқдамиз. Бу эса тажриба билан бирга илмни талаб қилади. Ҳозир корхонамизда бир қатор корхоналар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари мутахассислари билан биргаликда 12 та мавзу бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 

Албатта, корхонада ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий қилиш, илмий-техник лойиҳаларни шакллантиришдаги ҳамкорлик бугун ўз самарасини бермоқда. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири