Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий этиш давр талабига айланиб бормоқда. Юртимизда аёлларнинг инновацион лойиҳа ва ишланмаларини жорий этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида кўплаб янгича ёндашувларга қўл урилмоқда.
Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида ўтказилаётган “INNOWOMENWEEK” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги аёлларни қўллаб-қувватлашдаги яна бир рағбатнинг белгисидир.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати маълумотига кўра, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида бўлиб ўтаётган мазкур ҳафталикда олима, докторант, магистр талаба қизлар ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирок этишди.

Тадбирда ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизларнинг инновацион лойиҳа, технология ҳамда маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, “Энг яхши инновацион лойиҳа” ва “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танловларида ғолиб бўлган хотин-қизларнинг тақдимотлари муҳокама қилинди ҳамда муносиблар тақдирлади.
Шунингдек, тадбир давомида “Фан ва техника тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий конференция, олима аёлларнинг талаба-қизлар билан учрашувлари, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, фандаги ютуқларни тижоратлаштириш бўйича ўқув семинарлар ўтказилди.
Талаба-қизларнинг “Биз албатта мақсадимизга эришамиз” мавзусидаги мотивацион тренингги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бугун ҳафталик доирасида Қашқадарё вилояти олима аёллари томонидан жамиятимизда бўлган турли муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Хотин-қизлар ўртасида илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи, профессор Карима Норқулова ҳамда вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳудуддаги ОТМларда фаолият юритаётган олима, докторант, магистр аёллар ва талаба қизлар билан учрашди.
Ихтирочи хотин-қизларининг инновацион ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА