Пойтахтимизда ўтаётган Осиё олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этиш учун юртимизга келган Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Жолуд етакчилигидаги делегация Бўстонлиқ туманидаги “Сойлиқ” қишлоғида жойлашган Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клуби фаолияти билан танишди.
Айтиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йили имзолаган “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шу кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сойлиқ” қишлоғида Олимпия ўйинлари чемпиони Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур спорт объектида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд бошчилигидаги делегация яқиндан танишди.
Мартабали меҳмонлар спорт клуби лойиҳаси, замонавий талабларга жавоб берадиган спорт иншооти сифатида режалаштирилаётгани, яратиладиган шарт-шароитларни юқори баҳолади. Мазкур маскан келгусида жаҳон ва Олимпия ўйинларининг совриндорлари етишиб чиқадиган муҳим спорт марказига айланишига ишонч билдиришди.
Ташриф доирасида Халқаро оғир атлетика федерацияси ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумга мувофиқ, келгусида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубида халқаро семинарлар, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда тажриба алмашишга қаратилган нуфузли тадбирларни ташкил этиш белгиланди.
Бу, мамлакатимизда оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА