Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
IWF президенти Миллий олимпия қўмитасида
10:34 / 2022-07-16

Эртага, 17 июль куни пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бошланади.

Ушбу мусобақанинг фахрий меҳмони сифатида юртимизда бўлиб турган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти (IWF) Муҳаммад Жалуд ва Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсуф Ал Мана спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамроҳлигида  Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. 

Мартабали меҳмонларни Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов қарши олди.  

Меҳмонлар Миллий олимпия қўмитасида ўзбек спортининг бой тарихи, унинг ёрқин ғалабалари акс этган кичик кўргазмалар майдони, ундан жой олган фотолавҳалар билан яқиндан танишичгач, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мавзусида суҳбатлашди. 

Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари меҳмонларга Ўзбекистон олимпиячиларининг ютуқлари ҳақида сўзлаб, келажакда Осиё ва Халқаро оғир атлетика федерациялари билан йўлга қўйилган дўстона алоқаларни шундай руҳда давом эттиришдан мамнун бўлишини билдирди.  

Ўз навбатида, IWF президенти Муҳаммад Жалуд ўзбек спорти, хусусан, оғир атлетикаси жаҳонда ўз ўрнига эгалиги, Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида нуфузли спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказаётган давлатлар қаторидан жой олганлигини таъкидлади.  

Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбари Муҳаммад Юсуф Ал Мана оғир атлетика спорининг нафақат қитъа миқёсида балки, халқаро майдондаги ривожида Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёслигини айтиб, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, бугун пойтахтимизда Осиё оғир атлетика федерацияларининг конгресс ва ижроия қўмитаси йиғилишлари ўтказилади. 

Т.Рўзиев, ЎзА