Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Iteca Exhibitions”: 2025 йилда умумий битимлар айланмаси 1 миллиард доллардан ошди
17:04 / 2025-12-11

Ўзбекистонда кўргазма саноати сўнгги йилларда янги формат ва халқаро стандартларга мувофиқ ривожланмоқда. Бу жараён мамлакатга хорижий компанияларни жалб этиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва бизнес ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ўттиз йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон кўргазма саноатига жаҳоннинг етакчи иштирокчилари қўллайдиган стандартларни жорий этиб, соҳада барқарор ва собит етакчиликни таъминлади. Бу компаниянинг изчил саъй-ҳаракатлари маҳаллий саноатни халқаро даражага олиб чиқишда асосий омил бўлмоқда.

Мазкур компания бош директори Нигора Ҳасанова қайд этганидек,  мазкур ташкилот кўргазмалари 1995 йилда "Соғлиқни сақлаш - TIHE " ва 1997  йилда "Ўзбекистон нефть ва гази OGU" билан бошланган бўлиб, улар вақт ўтиши билан бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим воқеаларга айланди. Бугунги кунда компания портфолиосида 20 та кўргазма мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз соҳасида етакчи ўринни эгаллайди ва тегишли соҳаларни ривожлантириш учун мезонларни белгилайди.

– Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро кўргазма харитасидаги обрўсини оширади, мамлакатнинг ишончли бизнес шерик сифатидаги имижини мустаҳкамлайди ва унинг жадал иқтисодий ривожланишини намойиш этади, –дея таъкидлади Н.Ҳасанова. – Кўргазмалар ва анжуманларнинг кучли мавқеи Ўзбекистон чегараларидан ташқарига ҳам чиқди, бу иштирокчиларнинг миқдорий ва сифат жиҳатидан таркиби, шунингдек, хорижий ва маҳаллий аудиториянинг доимий эътиборидан далолат беради. “UzBuild”, “UzFood”, “CAITME”, “TIHE”, “OGU” ва “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмалари миллий бренд мақомини олди ва мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам танилган.  

Кўргазма саноати ҳар доим мамлакатдаги прогрессив ўзгаришларнинг кўрсаткичи бўлиб келган. У профессионаллик даражаси ва бизнеснинг ривожланишга тайёрлигини акс эттиради. Бугунги кунда бозор фаол равишда ўзгариб бормоқда: замонавий тадбирлар форматлари жорий этилмоқда, бутун саноат учун юқори стандартлар ва янги мезонлар ўрнатилмоқда.  

“Iteca Exhibitions” мамлакат иқтисодий ривожланишига доимий равишда устувор аҳамият беради. Тажриба шуни кўрсатадики, яхши ташкил этилган компания кўргазмалари ва анжуманлари хавфсизлик ва электроникадан тортиб қурилиш, энергетика, енгил ва оғир саноатгача бўлган кўплаб соҳаларда ижобий тенденцияларни рағбатлантиради. Ҳар бир тадбир тажриба алмашиш, ҳамкорликни ривожлантириш ва инновацияларни илгари суриш учун платформага айланади.

Иштирокчиларнинг сўровларига кўра, кўплаб компаниялар учун “Iteca Exhibitions” кўргазмаларида иштирок этиш мамлакат бозорига киришнинг зарурий элементига айланган: бу ерда улар мижозлар, дистрибьюторлар, профессионал уюшмалар ва давлат идоралари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатади, реал бизнес алоқаларини кенгайтиради, шартномалар тузади ва келажакдаги лойиҳаларни муҳокама қилади.

2025 йилда компаниямиз ўзининг 30 йиллик юбилей мавсумини нишонлади ва 20 та халқаро кўргазма, тўртта нуфузли форум ва 36 та тематик семинарларни тақдим этди. Тадбирларда 55 мамлакатдан 4311 та компания ва бренд, 251 та спикер ва модератор ҳамда 3 957 та делегат иштирок этди. Ташрифларнинг умумий сони 75 мамлакатдан 101 160 кишини ташкил этди.  

Жорий йилги кўргазма мавсуми давомида мутахассислар турли соҳалардаги инновациялар билан танишиш имкониятига эга бўлди. Кўргазмаларда нафақат жаҳон етакчилари ва таниқли брендлар, балки кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам иштирок этди. Бу эса маҳаллий корхоналарнинг ютуқларини намойиш этиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга ёрдам берди. Мамлакатнинг иккита майдонида кўргазмаларнинг ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Соҳа тадбирларига янги туртки берди ва нафақат миқёсни, балки бизнес фаоллигининг ўсишини ҳам англатди. Ушбу доирада минглаб музокаралар, алоқалар, шерикликлар, келишувлар, шартномалар ва янги лойиҳаларни ишга тушириш ишлари олиб борилди. Етказиб берувчилар ва харидорлар билан учрашувлар ташкил этилди. Натижада умумий битимлар айланмаси 1 миллиард доллардан ошди. Кўргазма иштирокчиларига нетворкинг ва бизнес алоқалари учун махсус жойлар тақдим этилди, бу уларнинг иштироки самарадорлигига ва бизнес ишончини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.

Таъкидлаш керакки, 2007 йилдан буён “Iteca Exhibitions” Ўзбекистонда биринчи бўлиб Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмасининг ((UFI) тўлақонли аъзоси ҳисобланади. “UzBuild”, “OGU” / “Power Uzbekistan” ва “TIHE” / “Beauty Uzbekistan” халқаро кўргазмалари яна бир бор UFI томонидан тасдиқланган тадбир сифатида ўз мақомини тасдиқлади. Бу уларнинг самарадорлиги ва мезбон мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини акс эттиради.  

Режаларга келсак,  2026 йилда миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий тармоқларни ривожлантиришга қаратилган 22 та кўргазма ва 5 та анжуман, янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзла тутилган.

Муҳими, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишида кўргазма саноати муҳим роль ўйнамоқда. “Iteca Exhibitions”нинг кўргазмалари нафақат ютуқларини намойиш этади, балки бизнес ва давлат секторлари учун барқарор ўсиш ва инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини яратади. Бу эса мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим платформа сифатида хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА