Бухорода Италиядан келган таниқли опера хонандалари иштирокида хайрия концерти уюштирилди.
Хайрия концерти Италия халқаро маданий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Италия Марче ва Абруззо вилоятларидаги фахрий консули ҳамда ушбу тадбирнинг бош ҳомийси Аида Абдуллаева, Италия тадбиркорлар уюшмаси асосчиларидан бири Маурицио Николетти, Бухоро вилояти ҳокимлиги маданият ва туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.

Италиялик опера хонандалари ташаббуси билан тадбир бошланишида Бухоронинг хушовоз хонандаси Зайнулло Шодмоновнинг хотираси ёдга олинди. Унинг Бухоро ҳақидаги таронаси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Италиялик опера хонандаси Фабио Андриотти, Мауро Бранда, шунингдек, ўзбек опера хонандалари Оқилбек Пиазов ва Сайёда Нартажиеванинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.

Маълумот учун: италиялик опера хонандаси Фабио Андриотти “Ла боҳем”, “Реголетто”, “Травиата”, “Верди реквием”, “Тоска”, “Аида”, “Эрнани”, “Капалак” каби операларда бош ролларни ижро этган. У Венеция, Рим, Бухоро, Тошкент, Буэнос-Айрес, Сеул, Токио, Бостон катта театрларида, шунингдек, Жакарта, Москва, Хитой, Берлин каби театрларда чиқиш қилган. Тенор Мауро Бранда хор раҳбари, гитарачи, Рим консерваторияси ва Тор Вергато Рим университетини тамомлаган. У Италия, Голландия, Франция, Бразилия ва Германияда кўп марта чиқиш қилган. Моцартнинг “Муҳаббат эликсири”, “Набукко”, “Тоска”, “Тобарро”, “Адашган ўғил”, “Реквием” операларини куйлаган. Самарқанд шаҳрида ўтказилган нуфузли “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этиб, махсус мукофотга сазовор бўлган, Италияда ўтказилган дўстлик, Термиз шаҳрида ўтказилган Бахшичилик фестивалларида иштирок этган.

Сайёда Нартаджиева эса Тошкент филармонияси солисти, республика ва халқаро танловлар лауреати. Оқилбек Пиязов “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори, халқаро ва республика танловлари ғолиби.

Концерт дастури томошабинларга манзур бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири