Ислом цивилизацияси маркази ўз музей экспозицияси орқали Ўзбекистоннинг бой маданий меросини, ислом илм-фани ва тамаддунининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини замонавий усулларда тақдим этишни мақсад қилган. Замонавий технологияларни қўллаш тажрибаси эса халқаро маданий марказларда самарали натижалар берган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Синан Тураман бошчилигидаги "Outdoor Factory" жамоаси ҳамда италиялик машҳур олим, Леонардо да Винчи академияси вакили Марио Тедди билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясини замонавий технологиялар ёрдамида бойитиш, интерактив ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, марказга ташриф буюрувчилар учун визуал технологиялар ва рақамли музей тажрибасини шакллантириш борасида фикр алмашилди.
Италиялик олим музейлар учун мультимедиа ва таълим соҳасида мутахассис ҳисобланади. У Леонардо да Винчи илмий мероси, унинг ихтиролари, қадимий технологиялар бўйича етакчи тадқиқотчилардан бири сифатида танилган, дейилади Ислом цивилизацияси маркази маълумотида. Марио Теддининг таъкидлашича, замонавий музейлар фақат кўргазмалар эмас, балки интерактив марказларга айланиши лозим.

Мулоқотда Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида замонавий интерактив қурилмалар, виртуал реаллик технологиялари, голографик намойишлар ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Шу орқали ташриф буюрувчилар Ислом тамаддуни, алломалар илмий ютуқлари ва қадимий маданий мерос ҳақида янада жонли ва таъсирли маълумотга эга бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
– Да Винчи ихтироларида ўзбек алломаларнинг илмий меросидан фойдаланган ва бу ҳақиқат. Одамларга алломаларингизнинг илмий мероси Европага қанчалик таъсир ўтказгани ҳақида маълумот беришни мақсад қилганмиз ва юртингизда ушбу кашфиётларни намойиш этмоқчимиз, – деди Марио Тедди. – Жумладан, Берунийнинг китобларида да Винчи кашфиётларида учратишимиз мумкин бўлган кўплаб маълумотлар мавжуд. Тушуниш мумкинки, Леонардо қадимги математика ва геометрияни ўрганган. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, математикада ишлатиладиган рақамлар шу ерда, сизнинг диёрингизда ихтиро қилинган. Бу фахрли. Биз эса шу каби кашфиётлар ва ютуқларингизни замонавий технологиялар ёрдамида яна ҳаётга қайтаришни мақсад қилганмиз.
Марказ раҳбарининг таклифига биноан италиялик меҳмон Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишди ва ўз таклифларини берди. Шу билан бирга, "Outdoor Factory" жамоаси "Иккинчи Ренессанс" экспозицияси, "Вақт капсуласи" ҳамда "Вақт девори" лойиҳаларининг монтаж ишларини амалга ошириши режалаштирилган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА