Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Италияга хизмат сафарида бўлиб, бир қатор маданий ва илмий тадбирларда иштирок этди.
Сафар давомида икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва тарихий меросни ўрганишга оид учрашувлар ташкил этилди.

Жумладан, Флоренция ва Рим шаҳарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур китоб Италиянинг “Sandro Teti Editore” нашриёт уйида итальян тилида чоп этилган.
Шунингдек, делегация вакиллари Италиядаги қатор кутубхона ва музейларда бўлиб, Ўзбекистон маданий меросига дахлдор нодир қўлёзмалар ва экспонатлар билан танишдилар.

Флоренция шаҳридаги 1581 йилда очилган Уффици галереяси Италиядаги энг йирик санъат музейи ҳисобланади. Галереяда Леонардо да Винчи, Микеланжело сингари буюк рассомларнинг бебаҳо асарлари сақланади. Мазкур санъат асарлари орасида ўрта асарларда номаълум рассом томонидан яратилган Амир Темур қиёфаси акс этган тарихий портрет борлиги ҳайъат вакилларининг эътиборини тортди.
Айни пайтда галерея раҳбари хизмат сафарида бўлгани сабабли у билан кейинчалик алоҳида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.
Рим шаҳри ҳудудида жойлашган митти давлат - Ватиканга қарашли Апостол кутубхонасига ташриф ҳам самарали кечди.
Мазкур кутубхонага 1447 йилда Рим Папаси Николай V томонидан асос солинган бўлиб, унинг фонди 1 миллион 500 минг дан ортиқ босма ва ёзма асарларни ўз ичига олади.
Бу ерда шунингдек, 50 мингдан ортиқ лотин, грек, араб, форс, грузин, яҳудий ва туркий тиллардаги қўлёзмалар сақланади.
Кутубхона мутасаддилари ўзбекистонлик меҳмонларни фонддаги нодир манбалар, қўлёзмалар, хариталар ва ҳужжатлар билан таништирди. Келгусида Ватикан Апостол кутубхонасида сақланаётган Шарқ қўлёзмаларини тадқиқ қилиш мақсадида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, меморандум имзолаш юзасидан келишиб олинди.
Рим шаҳридаги "Аарон" хусусий коллекциясига ўтган асрнинг 70 йилларида таниқли коллекционер Армандо Таглиокоццо томонидан асос солинган. У Мусулмон Шарқига тегишли бўлган халқ амалий санъати намуналарини ўз ичига олади.
–Коллекциямизда Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёга тегишли бўлган 100 дан ортиқ нодир экспонатлар сақланади, – дейди "Аарон" коллекцияси куратори Вероника Пристини. – Улар орасида бевосита Ўзбекистон маданий меросига алоқадор бўлган бир қатор тарихий буюмлар ҳам бор.
Мазкур коллекцияда XI аср ўрталарида ҳозирги Навоий вилояти ҳудудидан топилган, Қорахонийлар даврига тегишли бўлган кумуш идиш ҳам сақланади. Идиш гардишида араб ёзувининг куфий хатида “ушбу мулк мўъминлар амирининг яқин дўсти Тўғрул Қора Ҳоқонга тегишли” деган мазмундаги битиклар ўйиб ёзилган.
–Яқинда Малайзияда бўлганимизда Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейида сақланаётган нодир экспонатларнинг кўчма кўргазмасини ўтказиш бўйича музокаралар ўтказиб қайтдик, – деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Эндиликда Италияда аниқланган қўлёзмалар ва экспонатларнинг ҳам махсус кўргазмасини Тошкентда ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Н.Усмонова,
ЎзА