Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Италияда ёш рассомларимиз кўргазмаси очилди
10:27 / 2024-05-08

2024 йил Италия маданияти пойтахти сифатида эълон қилинган ЮНЕСКОнинг ижод ва мусиқа шаҳри Пезарода иккинчи марта “Ўзбекистон маданияти ва дўстлар ҳафталиги” ўтказилмокда. Тошкент Кимё халқаро университети рассомлик факультети ўқитувчилари ва талабалари эса фестивалда илк бор қатнашмоқда. Бу ҳақда “radiolaquila” нашри ёзган.

“Progetto Angeli” (Фаришта лойиҳаси) халқаро маданий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман доирасида Пезаро ва Урбино герцоглигининг бой тарихига бағишланган кўргазмада тарихий шахслар – Делла Ровере, Орсини, Лоренцо ди Пьеро де Медичи, Боржиа Сфорца, Монтефельтро сулоласи портретлари намойишга қўйилган.

Лойиҳа рассомлар ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш, шу билан бирга кенг жамоатчиликда, мутахассисларда жиддий қизиқиш уйғотган ёш ўзбек рассомлари бадиий истеъдодини баҳолаш имконини беради.

Пезаро ва Урбино тарихини ўрганиш, мазкур шаҳарлар билан боғлиқ тасвирий санъат асарларини яратиш учун илҳом излаш мақсадида ўзбекистонлик талабалар ушбу гўзал масканга йўл олгани бежиз эмас. Гарчи, портрет чизиш осон иш бўлмаса-да, ёш иқтидор соҳиблари нисбатан қисқа вақтда ўз маҳоратини намойиш эта олдилар.

Дастлаб Пезаро муниципалитети Қизил залида матбуот анжумани, сўнгра “Каприле” вилласида “Ўзбекистон маданияти ва дўстлар ҳафталиги”нинг очилиш маросими ўтказилди. Шундан кейин ёш рассомлар Вилланинг тарихий гўзаллиги ва машҳур боғлари жонли тасвирланган махсус кўргазма билан танишдилар.

Ҳакамлар ҳайъати таркибида таниқли мутахассислар баронесса Мелинда Мичели, санъатшунос ва бадиий раҳбар, нуфузли Жотто мукофоти асосчиси, халқаро маданият бирлашмаси раҳбари Аида Абдуллаева ҳамда рассом Патрисия Далла Валле жамлангани анжуманнинг алоҳида аҳамияти ва нуфузини тасдиқлайди.

Тадбир доирасида Италия ва Ўзбекистон маданий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент Кимё халқаро университети, “Progetto Angeli” маданият уюшмаси ва Александр музей-меҳмонхонаси ўртасида меморандум имзоланиши кутиляпти. Бундан ташқари келажакда ёш иқтидор эгалари учун ижод ва санъатни кенгроқ тарғиб қилишга қаратилган ёзги академия ташкил этиш режаси ҳам бор.

Кўргазма 25 майгача давом этади.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА