Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Италияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтди
18:05 / 2024-12-10

Мазкур маданий дастур италиялик томошабинларга ўзбек санъатининг бетакрор жозибасини ҳис этиш ва унинг жаҳон маданиятидаги аҳамиятини англаш имконини берди.

Маданий тадбир доирасида Рим ва Виареджо шаҳарларида Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри симфоник оркестри гала-концерти италиялик ҳамда у ерда истиқомат қилувчи ўзбекистонликларга тақдим этилди.

Шунингдек, Италиядаги маданият кунлари доирасида икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакатнинг бир қатор маданият соҳаси вакиллари билан учрашди. Жумладан, Италия маданият вазири ўринбосари Жанмарко Масси билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

– Ўзбекистон ва Италия – бу икки буюк маданиятга эга давлатлар, – деди маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов учрашув давомида.– Италия санъат ва тамаддун маркази сифатида жаҳон тарихида муҳим ўрин эгалласа, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи қадимий цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Бу замин Aл-Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк алломалар ватани бўлиб, ўзининг бой маданий мероси билан ажралиб туради. Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий-маърифий муносабатлар муттасил равнақ топиб бораётгани эътиборга моликдир.

Учрашув доирасида икки давлатнинг маданий ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун бир қатор таклифлар илгари сурилди. Икки давлат театрлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, ўзбек театрлари техник мутахассислари Италия театрларида малакасини ошириш, маданият соҳасидаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувига эришиш, маданият марказларини бошқариш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бошқа йўналишлар шулар жумласидандир. Шу билан бирга 2025 йилда Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказиш, келауси йилда Ўзбекистонда Марко Полонинг 770 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, хизмат сафарининг навбатдаги кунларида Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги делегация қуйидаги бир неча италиялик маданият соҳаси вакиллари билан учрашди. Италиянинг машҳур Пуччини халқаро мусиқа фестивали президенти Фабрицио Мираколо, “MAGISTER ART” компанияси раҳбари Ренато Сапорито, “Auditorium Parco della Musica Ennio Morricone” ижодий тузилмаси раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси вакиллари билан мулооқотлар жуда самарали кечди.

Н.Усмонова, ЎзА