Италия соҳилида россиялик бизнесменнинг яхтаси чўкиб кетгани айтилмоқда
Италия соҳил қўриқчилари Ионика денгизида Катандзаро шаҳри яқинида 40 метрлик яхтанинг чўкиб кетган жойида қутқарув амалиётини ўтказди, дейилади маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарда.
Маҳаллий la Gazzetta del Mezzogiorno нашрининг ёзишича, Кайман ороллари байроғи остида сузаётган “Сага” кемасининг хўжайини россиялик тадбиркор Геннадий Айвазян бўлади. У кўмир қазиб олиш соҳасида фаолият юритади.
Соҳил қўриқчилари берган маъумотга кўра, воқеа бир неча кун аввал содир бўлган. Яхта Апулия вилоятининг Галлиполи портидан чиқиб Сицилия соҳилларидаги Милаццо портига қараб сузаётган бўлган.
Соҳил қўриқчилари яхтадагиларни қутқариб олган. Улар тўрт нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзолари бўлган.
Хабарда келтирилишича, соҳил қўриқчилари кема чўкиши тасвирланган видеороликни тарқатишган. Унда яхтанинг одамлар кўз ўнгида чўкиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин.