Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Италия – Марказий Осиё ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
23:13 / 2021-12-09

Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси раислигида “Италия – Марказий Осиё” шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси бўлиб ўтди.

Конференциянинг биринчи йиғилиши 2019 йил 13 декабрда Римда бўлиб ўтган.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, Италия ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари, иқтисодий ва молиявий тузилмалари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Италия ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Луижи Ди Майо анжуманнинг долзарблиги, муҳим аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтишди. Бу галги йиғилиш кун тартиби ҳам замонавий таҳдид, хавф-хатарлар туфайли минтақа мамлакатлари олдида пайдо бўлаётган муаммоларни баҳамжиҳат бартараф этишга қаратилгани қайд этилди.

Конференция учта алоҳида ялпи сессия тарзида ўтказилиб, “Марказий Осиёдаги ҳозирги таҳдид ва янги имкониятлар, миллий устуворлик”, “Халқаро ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари”, “Соғлиқни сақлаш соҳасининг устувор йўналишлари ва коронавирусга қарши биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш” мавзуларини қамраб олди.

Делегациялар Марказий Осиё давлатлари ва Италия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболини муҳокама қилдилар, замонавий таҳдид ва хатарларга биргаликда жавоб бериш муҳимлигини таъкидладилар. Минтақадаги экологик муаммоларни ҳал этиш, экстремизм ва терроризм каби трансмиллий таҳдидларнинг олдини олиш, шунингдек, миллатлараро тотувлик, халқлараро дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўллари таҳлил этилди.

Минтақавий иқтисодий шерикликни такомиллаштириш, савдо-инвестиция, транспорт ва транзит соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш механизмлари кўриб чиқилди. Энергетика, агробизнес ва саноат ускуналари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Пандемияга қарши курашиш ва касаллик оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди.

– “Италия – Марказий Осиё” шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси учун айнан Тошкент танлангани бежиз эмас, – деди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала. – Зеро, Ўзбекистон бугунги кунда минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларга муносиб жавоб бериш ва шу орқали глобал муаммоларга нисбатан ҳам ўзининг объектив позициясини билдиришда жуда фаол. Ўйлайманки, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида йўлга қўйилган изчил муносабат ушбу форматдаги ҳамкорлик самарадорлигини таъминлашга ҳам кўмаклашади.

Тадбир доирасида “Марказий Осиё ва Италия ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболи” мавзусида Марказий Осиё ва Италиянинг етакчи экспертлари иштирокида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Мулоқот давомида минтақавий бошқарувнинг концептуал моделлари, барқарор ва инклюзив ривожланиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва тарғиб этиш, илмий, академик алоқани фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА мухбири