Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Италия элчиси Бухорода
10:53 / 2024-04-13

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот аввалида Ботир Зарипов Агостино Пинна жанобларини қадим ва навқирон Бухорога илк расмий ташрифи билан қутлади. Шунингдек, вилоят раҳбари Италия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, кейинги йилларда барча соҳалардаги ҳамкорлик фаоллашганини қайд этди.

Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари Ўзбекистон-Италия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги муҳим босқичнинг бошланиши бўлишига ишонч билдирилди.

Жорий йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳрида саккизинчи бор “Италия дизайн куни” бўлиб ўтганди.  Унда 2023 йилда Бухорога ташрифлар чоғидаги келишувлар асосида ICE ҳамда Маданий мерос агентликлари ўртасида Бухорода Ўзбекистон-Италия реставрация марказини ташкил этиш бўйича техник битим имзоланганди.

– Марказни ташкил этишдан мақсад Италия мактабининг услубияти, билим ва кўникмаларини ўрганиш орқали Ўзбекистонда реставрация соҳасини ривожлантиришдир, –деди Агостино Пинна. –Шунингдек, марказ фаолияти Италиядаги консервациянинг ноу-хау усулларини тақдим этиш, тарқатиш ва улашишга қаратилган.

Дарҳақиқат, маданий мерос объектларини сақлаш ва уларни келажак авлодга бутлигича етказиш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Нотўғри ва малакасиз ҳолда, шошма-шошарлик билан реставрация ва таъмирлаш орқали уларнинг умумбашарий қийматига таъсир этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун, Президентимиз топшириғи билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан маданий мерос реставрацияси ва таъмирлаш масалаларида хориждан экспертлар жалб қилинмоқда. Айрим ҳолларда йўқолиб кетиши эҳтимоли юқори бўлган маданий мерос объектларида реставрация ёки таъмирлаш ишлари эмас, балки уларни консервация ёки археологик парк сифатида муҳофазалаш белгиланди.

Учрашувда ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар батафсил муҳокама қилинди.  

Ўз навбатида элчи Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг етакчи мамлакатларидан бири сифатида билишини ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.

Элчи ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бу борада италиялик тадбиркорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Шунга кўра, Бухорода қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф дастуридан Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат, Бухоро давлат университети фаолияти билан яқиндан танишув ўрин олган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири