Италия ҳукумати Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ бошчилигидаги PURL (Prioritized Ukraine Request List) дастурида иштирок этишга тайёрлигини билдирди, деб хабар тарқатди “Bloomberg” нашри.
Мазкур дастур Киевга “Патриот” ҳаво ҳимоя тизимлари ва бошқа турдаги замонавий қурол-яроғларни АҚШ орқали харид қилиш имконини беради. Лойиҳага кўра, молиявий маблағлар Европа давлатлари томонидан ажратилади.
НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилишича, альянсга аъзо 32 давлатнинг ярмидан кўпи дастурда иштирок этишга розилик билдирган. Болтиқ бўйи ва Европа шимолидаги айрим давлатлар Украина учун янги ҳарбий ёрдам пакетини ишлаб чиқмоқда.
Манбаларга кўра, Украинани сентябрь ойига қадар олти давлат тахминан 2 миллиард доллар маблағ билан қўллаб-қувватлаган. Бу эса режалаштирилган пулдан анча камдир. Шу билан бирга, Россиянинг Украина инфратузилмасига ҳужумлари кучайган бир шароитда янги маблағ манбаларини топиш тобора қийинлашмоқда.
Италия дастурда иштирок этишга аввал қарши чиққан эди. Бироқ НАТО иттифоқчилари босими ҳамда “ташаббусдан четда қолиш хавфи” расмий Рим позициясини қайта кўриб чиқишга ундади.
Италия ҳозиргача Украинага ўнта ҳарбий ёрдам пакети тайёрлашда иштирок этган бўлиб, улар таркибида “SAMP/T” турдаги ҳаво мудофаа тизимлари ҳам мавжуд. Шунга қарамай, ёрдамнинг аниқ таркиби махфий сақланмоқда.
Бош вазир Жоржа Мелони мамлакат бюджети чекланганига қарамай, Украинани сиёсий ва ҳарбий қўллаб-қувватлашини давом эттирмоқда.
Экспертлар фикрича, Италиянинг PURL дастурига қўшилиши ЕИнинг Украинага ҳарбий ёрдамда ягона ёндашувини мустаҳкамлайди ҳамда Киев мудофааси учун муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА