Мактаб битирувчиларини замонавий касблар билан таништириш мақсадида ахборот технологиялари йўналишидаги олий таълим муассасалари вакиллари билан онлайн очиқ мулоқот ташкил этилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу очиқ мулоқотда юртимиздаги IТ соҳасида кадрлар тайёрловчи қатор етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ўз олийгоҳларининг мавжуд имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон университети, Тошкент ахборот технологиялари университети,Тошкентдаги ИНҲА университети, Амити университети, Тошкент халқаро таълим университети, "IT Park University"даги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар ва келгусида замонавий касбларни эгаллаш учун тегишли йўналишлар бўйича тингловчиларга атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, IТ соҳасида билим ва иқтидорга эга ёшларни ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларига жалб қилиш, сифатли таълим бериш ҳамда мамлакатимиз ривожи учун ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассислар қилиб тарбиялаш асосий вазифалардан биридир.
IТ соҳаси жадаллик билан ривожланиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир даврда бу каби тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА