Бугунги кунда ахборот технологиялари (IT) ва рақамли таълим ҳар бир соҳанинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Жаҳондаги илғор мамлакатлар билим бериш жараёнида рақамлаштириш усулларини жорий қилиб, ўқувчилар ва талабаларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ўзбекистонда рақамли саводхонликни ошириш, IT таълимни ривожлантириш ва келажак касбларига тайёргарликни кучайтириш мақсадида IT ва рақамли таълимни ривожлантириш форуми ташкил этилди. Форум доирасида соҳадаги энг долзарб масалалар муҳокама қилиниб, янги тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистонда IT ва рақамли таълим ландшафтини яхшилаш: Тадқиқот босқичи” лойиҳаси Ўзбекистоннинг рақамли таълим ва IT соҳасидаги ишчи кучини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ташаббуснинг бир қисмидир. Ушбу босқичда кенг қамровли тадқиқот ишлари олиб борилиши назарда тутилган бўлиб, кейинги босқичлар учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади. Кейинги босқичларда махсус таълим дастурлари, ўқитувчилар учун салоҳиятни ошириш дастурлари ва талабалар учун касбий кўмак механизмлари йўлга қўйилади.

IT таълим уюшмаси (IT Education Association ) ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт сари босқичма-босқич ҳаракат қилиш жараёнида аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва IT соҳасида сифатли таълимни йўлга қўйишга бағишланган.
Лойиҳа 2024 йилнинг сентябрь ойида бошланган бўлиб, аҳолининг IT саводхонлиги ва малакасидаги бўшлиқларни таҳлил қилиш, турли демографик гуруҳлар орасида IT саводхонлик даражасини ўрганиш, ҳудуд, жинс, ёш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолат бўйича тафовутларни аниқлашга қаратилган.

Лойиҳанинг тадқиқот босқичи доирасида 2025 йил март– июнь ойлари мобайнида ташкил этилган онлайн ва офлайн шаклда ўтказилган сўровномада мамлакатнинг турли ҳудудларидан 4 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Форумда лойиҳадан олинган натижалар сарҳисоб қилинди ва оммага тақдим этилди. Жумладан, жорий йил февраль – май ойлари мобайнида “Ўзбекистонда рақамли саводхонлик даражасини аниқлаш” бўйича ташкил этилган сўровнома натижаларига кўра, иштирокчилар орасида эркаклар ва аёллар сони деярли тенгни ташкил этиши аниқланган.

Масофавий иш ёки ўқиш учун видеоалоқа воситаларидан фойдаланиш кўрсаткичи ҳақида сўралганда, қарийб 57 фоиз сўровнома иштирокчиси деярли ҳар ҳафта видеоалоқа воситаларидан фойдаланишини билдирган. Бундан ташқари 78 фоиз иштирокчи ҳар ой “Электрон ҳукумат” тизимларидан фойдаланиши маълум бўлган. 96 фоиз иштирокчи IT соҳасига қизиқишини билдирган.

Форумда мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ва меҳнат бозори таҳлилига асосланган ТОП-45 IT касбдан иборат “Келажак касблари атласи” тақдим этилди. Ушбу атлас ёшлар, ота-оналар, таълим ташкилотлари ва кадрлар сиёсатида иштирок этувчи ташкилотларга амалий йўналиш беришга қаратилган.
Шунингдек, форум доирасида Тадқиқот натижаларини марказлаштириш, бепул IT таълим ресурсларини жойлаштириш ва касбий йўналтиришни таъминлайдиган DigiSurvey.uz онлайн платформаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир давомида панель муҳокамалар, таълимдаги инновация ва стартаплар ҳақида сессиялар, нетворкинг, маҳорат дарслари ва интерактив ўйинлар ҳам ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА