Ар-Риёдда Ўзбекистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида технологик ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган «Uzbekistan Tech Conference» анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат тузилмалари вакиллари, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонидаги етакчи IT-компаниялар, сармоядорлар, стартаплар асосчилари ва икки давлат инновацион экотизим вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида рақамли иқтисодиёт мамлакат тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айлангани қайд этилди. Сўнгги йилларда республикамизда ахборот технологиялари бизнесини юритиш учун қулай муҳит яратилди: солиқ имтиёзлари жорий қилинди, акселерация дастурлари амалга оширилмоқда, стартапларни рўйҳатдан ўтказиш ва инвестицияларни жалб қилиш тартиби соддалаштирилди.
Анжуман қатнашчиларига Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бизнес юритиш учун яратилган кенг кўламли имкониятлар тўғрисида маълумот берилди. IT Park Uzbekistan вакиллари бу борада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлаб бериб, республикамиз минтақада IT-йўналишида жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланаётганини қайд этди.
Ўзбекистонлик ёш мутахассислар ва стартаплар асосчилари юқори профессионал даражага эгалиги ва хорижий шериклар билан ҳамкорликка тайёрлигини намойиш этиб, ўз инновацион лойиҳаларини тақдим этди.
Учрашув қатнашчилари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда технологик инновацияларнинг янги маркази сифатида юксак салоҳиятга эга эканлигини таъкидлаб, қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА