French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
IТ соҳасида даромади ошаётган ёшлар
17:45 / 2023-05-10

Бугунги кунда мамлакатимизда IT йўналишида билимли, интилувчан ёшлар сони ортиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги республикамизнинг турли вилоятларида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бепул таълим олишади.

Хусусан, бухоролик ака-укалар Азамат ва Амирхон Ашуровлар  “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида 6 ой давомида IТ-технология бўйича бепул таҳсил олган ёшлардан. Улар ҳозирда “Inform engineering” корхонасида ўрганган билимлари асосида фаолият юритиб, даромад олишмоқда.  

–Болалигимдан компьютерга қизиқардим, – деди Амирхон Ашуров. – Кейинчалик акамнинг маслаҳати билан IТ соҳасига қизиқишим ортди. Фойдали ишни бошлашим кераклигини ҳис қилдим. IТ мутахассислиги бўйича ярим йилдан буён шуғулланаман. Ҳозирда бир ойда 300 доллардан зиёд пул топаман.  

– IT йўналишини кузатар эканман бутун дунё бўйлаб сунъий интеллектнинг ривожланаётганини кўрдим, – деди Азамат Ашуров. – Яъни ишнинг 50 фоизини техника бажаради. Бу соҳа укам учун ҳам мен учун ҳам омадли кечди. Иш фаолиятида иккимизнинг алоҳида вазифаларимиз бор. Мен техникавий ишлар устида ишласам, укам сайтнинг дизайни, чиройли кўриниши учун ишлайди. Келгусида биргаликда IТ соҳасини ўргатадиган академия очиб, ўзимиз каби мутахассис ва даромади кўп бўлишини хоҳлаган ёшларни жамлашни ният қилганмиз.  

Шунингдек, “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида хоразмлик Мирзобек Шомуродов ҳам IТ-паркнинг Хоразм филиалидаги ўқув курсларини тамомлаб, даромад олмоқда. Унинг қайд этишича, ҳозиргача эришган ютуқларининг асосий сабаби давлатимиз томонидан ёшларга яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланаётганида.  

–Болалигимдан видеомонтаж ва операторликка жуда қизиққанман, –деди М.Шомуродов. – Шу сабаб “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида IT-парк Хоразм филиалида видеомонтаж курсларини ўқидим. Бу соҳада устозим Фахриддин Рўзиметов медиа соҳасида билим ва кўникмаларни пухта эгаллашимда яқиндан ёрдам берди. Ҳозирги кунда медиа студиялар ҳамда бир қатор компанияларнинг реклама ва видеороликларини монтаж қилиб даромад қилмоқдаман.  

Ёшларнинг билимли ва замон талабларига тўла мос кадр бўлиб етишишида ахборот технологиялари ва тил билишнинг аҳамияти жуда катта. Мамлакатимизда ёшларни ўқитиш ва уларнинг халқаро IT-сертификатларини олишлари учун 50 фоизгача бўлган харажатни қоплаш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 157-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиши ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатларни олиши учун сарф қилган харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини молиялаштириш тартиби белгиланди.

Бундан самарали фойдаланаётган ёшлар эса ўз даромадини ошириш билан бирга, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА