Мамлакатимизда Ҳиндистонинг дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва стартапларни тезлаштириш бўйича илғор тажрибалари асосида ахборот технологиялари бўйича – "IT парк Ўзбекистон" ташкил этилди.
Бу кичик ташкилотдан Марказий Осиёдаги энг йирик IT хабига айланди, қисқа фурсатда салмоқли натижаларга эришди. Стартап эко тизимини ривожлантириш, маҳаллий IT компанияларининг тараққий этиши ва таълимга улкан ҳисса қўшмоқда.
Бу ахборот технологиялари соҳасининг шаклланиши ва оммалашишига сезиларли даражада таъсир кўрсатди.
– Ҳозирги кунда 700дан зиёд резидентларимиз мавжуд, – дейди IT парк директори Фарҳод Иброҳимов. – Экспортимиз ўтган йили 46 миллион долларни ташкил этган. Бу йил эса ярим йилликда 50 миллион долларга етди.
Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов телеграм каналида шундай фикр билдиради:
"Давлат бюджетидан бир сўм ҳам маблағ ёки субсидияланган кредит олмасдан IT соҳаси бу йил 100 миллион доллардан ортиқ расмий экспортга эришиши кутилмоқда. IT соҳасида иш билан банд бўлганларнинг умумий сони (резидентларда ишлайдиганлар ва расман фрилансер бўлиб рўйхатдан ўтганлар) анъанавий алоқа соҳасидагиларникидан ошди. Бу албатта IT Park жамоасининг тўғри ишлагани сабаблидир. Жамоага умуман ёрдам бермаган одамлар йўқ жойдан ҳозир уларни қоралашга ҳаракат қилаётгани эса ачинарли ҳол…
24 июль куни ўтказилган "IT Park Rewind" тадбирида Бирлашган Араб Амирлиги, Германия, Ҳиндистон, Россия, Беларусь давлатларидан меҳмонлар келиб, Ўзбекистонни IT хабга айлантириш ва экспортни янада ошириш бўйича вазифаларни муҳокама қилишганди. Тадбирдан сўнг ҳозирги кунгача IT Park резидентлари сони 174 тага ошди, шундан 56 таси экспортёр. Бу эса яна қўшимча 2000дан ортиқ ишчи ўринлари дегани. Кичкина эмас, балки 400дан ортиқ меҳмонлар (соҳа ходимлари ва АСТРУМ ўқувчилари билан ҳисобласа, 1000га яқин) қатнашган тадбир 819 млн. сўмга тушган экан, нечта болани бу пулга ўқитса, бўлади дейишибди. ИНХА ёки АМИТИда 1 йил ўқиш 30 млн. атрофида бўлса, 4 йилда бир болага 120 млн. кетади, яъни бу пулга 7 та болани бакалаврга ўқитса бўлади. Униям қилиш керак албатта (шунинг учун ИНХАга Президентимиз 100 та грант ажратиб бердилар), лекин бу тадбир ҳам муҳим. Хуллас, IT Park фаолиятига энди катта-катта компаниялар ишониб, Ўзбекистонга аутсорсни кўпайтириб турган вақтда унга халақит қилмасдан келгусида экспортни 1 миллиард долларга олиб чиқиш устида биргаликда ишлашимиз керак ёки майда ғийбат гаплар билан уларнинг ҳам қўлини совитиб, Ўзбекистонни IT аутсорсинг хабига айлантириш фикридан воз кечишимиз керак».
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА