Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
IT: Жиззахликларнинг салмоқли ютуқлари
17:05 / 2022-08-25

Жиззах аҳли ҳам Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллигини барча соҳаларда бўлгани каби, IT соҳасида ҳам улкан ютуқлар билан кутиб олмоқда.

Ўтган 2021 йил сарҳисоби бўйича IT Park Жиззах вилояти ҳудудий филиали республика бўйича энг яхши филиал, деб топилиб, жорий йилда ҳам соҳа вакиллари етакчиликни қўлдан бермади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида IT Park Жиззах вилояти ҳудудий филиали 2020 йил 11 ноябрь куни ташкил этилган.

IT Марказдаги таълим йўналишлари 11 та, Жиззах вилоятида IT Марказлари эса 13 тадир. Марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида IT Park Жиззах вилояти ҳудудий филиали директори вазифасини вақтинча бажарувчи Шоҳрух Нариманов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– IT Park фаолиятини бошлагандан буён Марказ битирувчилари сони 13 минг 316 нафарга етган, вилоятда ҳар йили ўртача 8 мингга яқин талабалар IT курсларни тамомлаяпти, – дейди Шоҳрух Нариманов. – Соҳада малака оширган давлат ташкилотлари ходимлари 2 минг 390 нафарни ташкил этмоқда.

[gallery-8489]

Бирлашган Араб Амирликлари ва IT Park қошидаги IT akadеmiy билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Бир миллион дастурчи” (бепул онлайн дастурлаш видеодарсликлари платформаси) лойиҳаси битирувчилари сони эса 100 минг 160 нафарга етган.

IT Park ҳамда Жиззах давлат педагогика университети, Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали ва Жиззах политехника институти билан ҳамкорликда 3 та “Инкубация маркази” ташкил этилган. Унда ОТМ талабалари учун  уларнинг Startap лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида махсус замонавий хона ва техникалар ажратилган. Талабаларнинг ғояларини амалга ошириш йўлида IT Park томонидан турли йўналишдаги малакали мутахассислар томонидан мунтазам равишда маҳорат дарслари ўтиб борилмоқда.

Айни пайтда, вилоят бўйича 79 та Startap лойиҳа мавжуд бўлиб, IT Park ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида умумий қиймати 1 миллиард сўм бўлган 9 та лойиҳа молиялаштирилган ва шулардан 8 та лойиҳа ишга туширилган. Startap йўналиши бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларга асосан ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда ушбу лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида – 1 та корпоратив акселератор, вилоят ёшлари ўртасида энг яхши Startap лойиҳа танловларини ўтказиш мақсадида – 3 та IDЕATНON, вилоят ёшлари ўртасида энг яхши Startap лойиҳа ишланмаси танловини ўтказиш учун – 3 та НACKATНON, шунингдек, 48 та семинар, мастер-класс, 16 та вебинар ва 4 та “Инновацион Startap лойиҳалар” танлови ташкил этилди.

Масофадан IT хизматлари кўрсатиш марказлари 2 та, улар Халқаро логистика компанияси – Revotech ҳамда Халқаро бозор учун анимация ва веб-дизайн хизмати – Codevision БПО марказларидир. IT Park ва “ЕPAM Sytsеms” ҳамкорлигида “IT-Park Univеrsitеt” – Рақамли университети ташкил қилинди ва ҳозирда ҳужжат топширган абитуриентлар кириш имтиҳонлари, яъни тест синовларидан ўтмоқда.

Ушбу университетда таълим жараёни 8 та мутахассислик бўйича амалга оширилади.

Ушбу “IT-Park Univеrsitеt” рақамли олийгоҳда уйдан туриб, пойтахтда ёки IT Parkнинг вилоят офисларида ҳам таҳсил олиш имконияти мавжуд ва бакалавриат бўйича ўқиш муддати 3 йил, таълим асосан, инглиз тилида олиб борилади.

Жиззах шаҳридаги IT мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган Ҳиндистоннинг Sambhram университети ва IT Park Жиззах вилояти ҳудудий филиали ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.

Ушбу университет билан ҳамкорликда “Futurе Skills Ўзбекистон”, “ITWoman.uz”, “Корпоратив акселератор”, “IT Summеr”, “Roboschool”, Халқаро IT конференцияни биргаликда амалга оширдик.

IT Park вилоят ҳудудий филиали жамоаси мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини республикада IT соҳасининг еткачиси сифатида муносиб кутиб оляпти.

Соҳа ходимларининг келгусидаги режалари эса улкан.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА