Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истироҳат боғларига номлар қандай танланади?
18:47 / 2022-05-30

Ҳар бир бола ёзги таътилни мароқли ўтказишни орзу қилади. Кимдир бу таътилни қишлоқда – бувисиникида ўтказишни хоҳласа, кимдир дам олиш оромгоҳларига боришни ёқтиради.

Аммо кўп болалар ота-онаси билан шаҳар марказида жойлашган истироҳат боғларига боришни яхши кўради. Айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи болалар учун истироҳат боғларига бориш ўзгача завқу шавқ бағишлайди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида болалар ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган 17 та истироҳат боғи мавжуд экан. Боғларнинг жойлашиш ҳудудига қараб томошабинлар ташриф буюради. Мисол учун байрам кунлари ҳайвонот боғига мингга яқин болажонлар бораётгани бизга маълум.



Хўш, бу боғларнинг болалар учун афзаллиги, ўзига хослиги нимада? Нима учун аксарият боғларнинг номи чет тилида ёзилган?

Мисол тариқасида пойтахтимиздаги истироҳат боғларидан айримларининг номларини келтириб ўтамиз. 

"Фурқат", "Марказий боғ", "Қуёшча нури", "Нурафшон" каби ўзбекча ном билан аталадиган боғлар қаторида "Green Park","Magic city","Toshkent Land", "Сеул" деб номланган боғлар мавжуд. 

Боғларга берилган номларни ўрганиш жараёнида Европадаги энг машҳур боғларнинг номи ўша халқнинг яшаш тарзи, мамлакат тарихидан келиб чиқиб қўйилганига гувоҳ бўлдик.

Кўпчилик ёши улуғ инсонлар буюк саркарда Амир Темур ўзи яшаган даврда барпо этган боғларнинг таърифи етти иқлимга овоза бўлганини таъкидлади.

Тарихдан маълумки, Амир Темур Самарқанд атрофида бунёд эттирган боғларни қурилишидан аввал номланиши, геометрик шакли, дарахтзор ёки чакалакзорга яқин-узоқлигини ҳисобга олган. Бобомиз барпо этган энг машҳур боғларнинг номларига эътибор берсак. 
 
 Боғи Баланд – Амир Темур Самарқанднинг шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида набираси Мироншоҳнинг қизига атаб қурдирган. Боғи Беҳишт – Самарқанднинг ғарбида суюкли хотини Туман оға (Ҳайруннисо)га атаб қурдирган. Боғи Жаҳоннамо (Жаҳон кўзгуси) Самарқанддан 42 километр нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган. Боғи Майдон – Самарқанднинг шимолида, Чўпонота тепалиги этагида қурдирган. Боғи Нав (Янги боғ) – Амир Темур Самарқанднинг жанубида қурдирган. Боғи Чинор – Самарқанднинг шарқида барпо қилдирган. Унда чинорлар кўп бўлган. Амир Темур қурдирган бу боғлардан ҳар бирининг ўз тарихи бор.

Шуниси эътиборлики, ҳар қачон ҳам боғга борадиган одам, аввало, унинг номига эътибор беради. Шу боис, пойтахт марказида жойлашган истироҳат боғларига болажонлар айтишига ҳам осон, ҳам халқимиз ҳаёти, машҳур инсонлар ёки табиат билан боғлиқ соф ўзбекча номлар қўйилса, айни муддао бўларди. Айниқса, ёшлар диққат марказида турадиган иншоотларга бериладиган номларда ўзлигимиз, яшаш тарзимиз акс этса қандай яхши. 

 
Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА