Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги А. Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ёшлар учун хизмат қиладиган кўплаб кўнгилочар масканлар фаолият бошлади.
Объектларнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими М.Азимов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва фаол ёшлар иштирок этди.
Маълумотларга кўра, боғ 1972 йилда иш бошлаган. Қарийб ярим асрдан буён фаолият юритиб келаётган ушбу истироҳат боғи аҳоли, айниқса, ёшларнинг севимли масканига айланган. Боғнинг умумий ер майдони 34,2 гектар. Боғда 3,1 километр йўл ва йўлаклар 140 дона ўтиргич, 83 дона тунги ёритиш чироқлари, 35 турдаги 12 минг 150 ҳар хил манзарали дарахтлар мавжуд. Боғ умумий ер майдонининг 85 фоизи дарахтзор, майсазорлар билан қопланган бўлиб атрофи кўкаламзорлаштирилган.
[gallery-12256]
Боғда жами 49 ҳар хил типдаги аттракционлар мавжуд бўлиб, шулардан 8 таси боғ балансидаги, 41 таси хусусий тадбиркорларга қарашли аттракционлардир. Дарҳақиқат кейинги йилларда боғ ҳудудидан хусусий сектор вакилларига жой ажратилиши ҳисобига кўплаб кўнгилочар масканлар қад ростламоқда. Жумладан, “Ёшлар кафеси”, умумий овқатланиш шохобчаси, 5 салқин ичимликлар ва музқаймоқ дўконлари аҳоли хизматида. Шунингдек, “Шўртангазкимё” мажмуасига қарашли “Кўллар мажмуаси” ва 2800 ўринли амфитеатр, вилоят маданият бошқармасига қарашли “Ўлкашунослик музейи” ҳамда “Насаф” футбол клубига тегишли машқлар ўтказиладиган футбол майдони, фотостудия, тадбиркорга қарашли уч ўлчамдаги бир нечта залдан иборат кинозаллар ва милиция таянч пунктлари мавжуд.
Вилоят раҳбарининг бевосита ташаббуси билан жорий йилда ҳам боғ ҳудудида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда “Универсал таъмир таъминот” ИЧК томонидан истироҳат боғида 115 тунги ёритгичлар, шундан 58 таси қуёш панелли ёритгич, 10 дона прожектор мачталар ва 333 дона юқори кучланишли ва 1050 дона паст кучланишли лампалар ўрнатилди ҳамда 7140 метр кабел ётқизилди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида боғда 27 дона кузатув камералари ўрнатилиб, миллий гвардия назорат масканида доимий кузатувда турадиган бўлди.
Қарши шаҳридаги “1-сонли қурилиш ва монтаж” ХК томонидан қурилган 2 мини стадион, 1 теннис клуб, 1 замонавий кутубхона, 2 ўқув маркази, 1 енгил типдаги ошхона, 2 шахмат клублари ёшларнинг ҳақиқий масканига айланди. Вилоят раҳбари ва жамоатчилик вакиллари янги қурилиб фойдаланишга топширилган объектлар ва у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Айниқса, янгидан қурилган эни 20 метр, баландлиги 8 метрли сунъий Фонтан ва шаршара барчада катта таассурот қолдирди. Фонтаннинг атрофи 135 метр темир панжаралар билан ўралди. Фонтан ва ҳовузларни сув билан таъминлаш учун 70 метр чуқурликда артизан қудуғи қазилди. Насослар жойлашган бино қайта таъмирланди.
Тантанали очилиш маросимлари доирасида спорт турлари бўйича ғолиблар тақдирланди. Шунингдек, 30 нафар чин етим ёшларга давлатимиз томонидан уй-жойлар калити топширилди. Ёшлар Президентимиз топшириқлари ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатаётган вилоят ҳокимига ўз миннатдорлигини билдирди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА