Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқлолга муносиб туҳфа
11:21 / 2023-08-30

Мустақиллигимизнинг 32 йиллик шодиёнаси муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмаларда кўплаб янги бино ва объектлар фойдаланишга топширилмоқда.

Фарғона вилояти Риштон туманида сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган чегарачи ўғлонлар ва уларнинг оила аъзолари учун намунавий лойиҳа асосида қуриб битказилган замонавий Чегарани қўриқлаш взводи очилди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси иштирок этди.  

Унда сўз олганлар бугун мамлакатимизда юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар хусусида тўхталиб, мазкур взводнинг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси эканини таъкидлади.  

Хизмат хонадонларининг калитлари ўз соҳибларига топширилгач, меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, ислоҳотлар самарасига яна бир бор гувоҳ бўлишди.  

Таъкидлаш керакки, туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган мазкур Чегарани қўриқлаш взводи ўзида барча шароитларни мужассам этган кичик ҳарбий шаҳарча кўринишида қад ростлаган. Маъмурий бинода юрт ҳимоячиларининг билим олишлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини мутолаа қилишлари, жисмоний ва жанговар тайёргарлик даражаларини янада юксалтиришлари, овқатланишлари, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайликлар яратилган.  

Взводда мавжуд замонавий ахборот-технологиялари, қурол-аслаҳа, ҳарбий техникалар эса сарҳадларимиз дахлсизлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.  

Мажмуани барпо этишда нафақат юқори даражадаги чегара хизматини ташкил этиш, балки ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун ҳам қатор қулайликлар яратилган бўлиб, икки қаватли хизмат уйи барча шароитлар билан таъминланган. Уй ҳовлисида эртамиз эгалари учун бунёд этилган болалар майдончаси эндиликда эртамиз эгаларининг шўх-шодон кулгилари билан тўладиган бўлди.  

Ҳарбий шаҳарча ҳудудида ташкил этилган Риштон туманидаги 50-сонли мактабгача таълим ташкилотининг қисқа муддатли гуруҳи сарҳадларимиз посбонларининг фарзандларини мактабгача таълим тизими билан қамраб олиш баробарида, мазкур йўналишда тегишли маълумот ва малакага эга бўлган ҳарбий оила бекаларининг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.  

Шаҳарча ҳудудида қад ростлаган тикувчилик ва қандолатчилик цехларида фаолият олиб борадиган опа-сингиллар ҳам эндиликда оила бюджетига ўз ҳиссаларини қўшиш имконига эга бўлади.  

Шу каби замонавий, янги ҳарбий шаҳарчалар Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ва Ангрен шаҳрида жойлашган бўлинмаларда ҳам бунёд этилиб, взводларнинг маъмурий биноси, барча қулайлик ва шарт-шароитларга эга хизмат уйлари ҳамда спорт майдонлари сарҳадларимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзоларига тантанали тарзда топширилди.  

Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмда қад ростлаган 24 хонадондан иборат хизмат уйининг очилиш маросими ҳам қувончли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой тарзда ўтди.  

– Истиқлолимизнинг 32 йиллик шодиёнасини янги уйларда кутиб олиш бахтига муяссар бўлдик. Бу ерда оиламиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бунинг учун давлатимиз раҳбари - Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига ўзим ва оилам номидан чуқур миннатдорлик билдириб, кўрсатилган бундай ғамхўрлик  ва эътиборга жавобан, зиммамдаги жанговар-хизмат вазифаларни сидқидилдан адо этишга ва сарҳадларимиз дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишга ваъда бераман, – дейди III даражали сержант Абдумалик Мўминов.  

Албатта, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган бундай замонавий мажмуалар юртимиз ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.  

Дурдона Салихова,  

ЎзА